Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Садир Жапаров кўз ўнгида тартибсизликлар рўй берди (видео)

Садир Жапаров кўз ўнгида тартибсизликлар рўй берди (видео)

Оммавий тартибсизликларда 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.

Қирғизистонда «Дўстук» ва «Йнтимак» жамоалари ўртасидаги кўпкари бўйича Президент кубоги финали тартибсизликлар билан якунланди. Воқеа жойидан олинган видеолар ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Ҳодиса Ўш вилоятидаги «Тўлойкон» ипподромида содир бўлган. Ўйин натижасига кўра, ғалаба «Йнтимак»га насиб этди, бироқ томошабинлар ҳакамликдан норози бўлишди. Дастлабки маълумотларга кўра, судья калтакланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда полициячилар уни ҳимоялаб олиб кетаётганини кўриш мумкин.

Воқеа гувоҳлари томонидан олинган кадрларда тез ёрдам машинасига тошлар отилгани ва ойналар синганини ҳам кўриш мумкин.

Воқеага давлат раҳбари Садир Жапаров, Бош прокурор Қурманқул Зулушев ва Олий суд раиси Замирбек Базарбеков ҳам гувоҳ бўлишган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тартибсизликлар оқибатида 100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Икки киши шифохонада ётибди: улардан бири кўпкаричи, иккинчиси ҳуқуқ-тартибот органи ходими. Аниқлик киритилишича, улоқчи тартибсизликлар пайтида эмас, ўйин вақтида жароҳат олган.

Агентлик маълумотларига кўра, ўрнатилган тиббий чодирларда яна 100 га яқин одамга амбулатор ёрдам кўрсатилган.

Республика хавфсизлик хизмати раҳбари Қамчибек Ташиев тартибсизликлар юзасидан аллақачон иш очилган. Унинг таъкидлашича, тартибсизликларда иштирок этганларнинг барчаси, жумладан, гиж-гижловчилар ҳам жазоланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг