Россиялик сиёсатчи Истанбулни босиб олиш даъвоси билан чиқди
Россия давлат думаси собиқ депутати Семён Багдасаров зилзиладан кейин мушкул вазиятда эканидан фойдаланиб, Туркияга қарши уруш очиш ва унинг айрим ҳудудларини босиб олишни таклиф қилди. «Московский комсомолец» нашри хабарига кўра, С.Багдасаров бу ҳақда YouTube дастури эфирида гапирган.
Туркия ҳудудида Россиянинг тарихий ерлари мавжудлигини иддао қилган сиёсатчи вазиятдан фойдаланиб ўша ерларни қайтариб олишга чақирган. У, хусусан, Туркия табиий офат ташвишлари билан андармон бўлиб турган пайтда Константинополь, яъни Истанбулни тортиб олиш ва Ая София масжиди узра хоч осиш лозимлигини уқтирган.
Россиялик арбобга кўра, Москва расмий Анқаранинг Украинадаги таъсирини сусайтириши, кейин эса уни Ўрта Осиё ва Жанубий Кавказдан ҳам сиқиб чиқариши керак.
Очиқ манбаларга кўра, Семён Багдасаров 1954 йили Ўзбекистон ҳудудида – Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. У ҳозирда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази директори саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter