Россия Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ўз шартини айтди
Тинчлик ўрнатилиши учун Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши керак, — деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин.
«Адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун Украина 1990 йилда ўз давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияда қайд этилган нейтраллик мақомига қайтиши, НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлишдан бош тортиши керак», дейди у.
Россия Украина кучлари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса ва Ғарб қурол-яроғ етказиб беришни бас қилсагина келишувга эришиш мумкин, қайд этади Галузин.
2014 йилда Қрим, 2022 йил кузида Херсон ва Запорожье вилоятлари, шунингдек, Донецк ва Луганск ҳудуди Россия таркибига қўшиб олинди. Киев бу ҳудудларни босиб олинган деб ҳисоблайди. Бироқ Украина «янги ҳудудий воқеликларни тан олиши керак» дея шарт қўяди Россия амалдори.
Шунингдек, можарони ҳал қилиш учун Донбасс аҳолисини ҳимоя қилишни таъминлаш, Украинани «демилитаризация ва денацификация» қилишга эришиш ва Россия хавфсизлигига ушбу мамлакат ҳудудидан келаётган таҳдидларни бартараф этиш зарур, — деди Галузин.
«Келишувнинг яна бир муҳим жиҳати, — дейди у, — русийзабон фуқаролар ва миллий озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Мамлакатда тинчликка эришиш учун рус тилининг давлат мақомини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш зарур».
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский «Россия ҳар қанча зўр бериб уринмасин, мағлубиятга учраши муқаррардир. Агрессор на Қрим ва на Украинанинг бошқа қисмига эгалик қила олади» дея баёнот берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter