Россия келгуси йилда ҳарбий харажатларни мисли кўрилмаган даражада оширади
Россия ҳукумати 2024 йилда ҳарбий соҳа учун харажатларни 70 фоизга оширади. Мамлакат молия вазирлиги эълон қилган рақамлар ана шундан далолат беради.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги ҳам Москва мудофаа тизими учун ажратиладиган маблағ миқдорини кескин ошираётгани ҳақида хабар берган эди.
Режага мувофиқ, 2024 йилда ҳукумат мудофаа учун 10,8 триллион рубль (111 миллиард доллардан зиёд) ажратади. Жорий йил ушбу мақсадда 6,4 триллион рубль сарфланмоқда.
Таҳлиллар мамлакат ЯИМда ҳарбий харажатлар улуши муттасил ошиб бораётганини кўрсатмоқда: 2021 йилда – 2,7 фоиз, 2023 йилда – 3,9 фоиз, 2024 йилда – 6 фоиз.
Ҳарбий харажатлар кескин ошаётганини Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «гибрид уруш» билан изоҳлаган.
«Албатта, (мудофаа учун харажатлар) ошиши зарур, жуда ҳам зарур. Негаки, бизга қарши очилган гибрид уруш шароитида яшамоқдамиз. Қолаверса, махсус ҳарбий амалиётни (Кремль Украинага қарши урушни шундай атайди – таҳр.) давом эттирмоқдамиз. Бу ҳам катта харажат талаб этади», – деган Д.Песков.
Молия вазири Антон Силуанов «Ҳаммаси фронт учун, ҳаммаси ғалаба учун» тамойили устувор аҳамият касб этишини қайд этган.
DW нашри 2024 йилда Россияда илк бор ижтимоий йўналишдан кўра мудофаа тизимига кўпроқ маблағ ажратилишига эътибор қаратган.
Ҳукумат келгуси йилда бюджет даромади 35 триллион рублга етишини тахмин қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) 2022 йилда жаҳон мудофаа харажатлари сўнгги саккиз йилдаги энг юқори даражага етиб, 2,224 триллион долларни ташкил қилганини маълум қилган эди.
2021 йилда ҳам Россия мудофаа харажатлари бўйича дунёдаги беш давлатдан бири деб топилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter