Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рим папаси кечирим сўради

Рим папаси кечирим сўради

Фото: «The Canadian Press»

Рим папаси Франциск Канадага ташрифи давомида католик черкови туб элатлар болаларига шафқатсиз муносабатда бўлгани учун кечирим сўради. Насронийлар етакчиси, шунингдек, черков туб аҳоли вакиллари маданиятини йўқ қилишга қаратилган лойиҳада иштирок этгани учун узрхоҳлик изҳор этди.

«Қадр-қимматнинг поймол этилиши, зулмга қўл уриш ва ишончнинг суиистеъмол қилинишини шунчаки унутиб бўлмайди. Биз насронийлар елкамиздаги бу шармандалик юкини асло унутмаслигимиз керак. Айни чоқда, барчасини қайта бошламоқ ҳам лозим», – деган Рим папаси.

Гап шундаки, 1881-1996 йилларда Канададаги туб элат вакилларининг 150 мингга яқин болалари оиласи бағридан тортиб олинган ва католиклар бошқарувидаги мактаб-интернатларга юборилган. Черков Европа мустамлакачиларининг туб элат болаларига шафқатсиз муносабатини қўллаб-қувватлаган. Ўз она тилида гапирган ва миллий анъаналарини сақлаб қолишга уринган болалар калтакланган, жинсий зўравонликка учраган. Мактаб-интернатларда 4 мингдан зиёд бола вафот этгани айтилади.

Маҳаллий халқларга нисбатан содир этилган мазкур жиноятлар 2015 йилда Канада ҳақиқатни аниқлаш ва муроса комиссияси (TRC) ҳисоботида эълон қилинган. Комиссия маҳаллий элат вакиллари тили ва маданиятини йўқ қилишга қаратилган мустамлака дастурини «маданий геноцид» деб атаган.

2021 йилда Канададаги собиқ мактаб-интернат ҳудудидан болаларнинг оммавий қабрлари топилиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Туб элатлар етакчилари Ватикандан ўтмишдаги хато учун узр сўраш ҳамда мустамлака сиёсатидан азият чеккан оилаларга товон пули тўлашни талаб қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг