Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамазон ойида Масжидул-Набавийга 15 ёшдан кичиклар кириши тақиқланади

Рамазон ойида Масжидул-Набавийга 15 ёшдан кичиклар кириши тақиқланади

Фото: «Twitter.com»

Рамазон ойида 15 ёшдан кичик бўлган болаларнинг Мадинадаги Масжидул-Набавийнинг бинолари ва унинг ҳовлисига киришларига рухсат берилмайди. Бу тақиқ коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун эҳтиёт чораси сифатида жорий қилинган. Бу ҳақда ушбу масжид маъмурияти хабар бермоқда.

Масжидул-Набавийнинг Бош раиси Рамазон ойида таровеҳ намози вақтини икки баравар қисқартирилгани, таровеҳ намозидан 30 дақиқа ўтгач масжидни ёпиш ва эътикофни (масжидда бир неча кун давомида қилинадиган ибодат) бу йил ҳам тўхтатиб туриш бўйича кўрсатма берган.

Масжидул-Набавийда бундай чекловлар ўтган йили ҳам жорий қилинганди.

Шунингдек, Масжидул-Набавийда рўзасини очишни истаганларга фақат уларнинг ўзи истеъмол қилиши учун сув ва хурмо берилади, холос. Ифторлик пайтида овқат тарқатиш ёки одамларнинг бир жойда йиғилишларга, масжид ҳовлисида саҳарлик дастурхонини ташкил қилиш ва тарқатишга ҳам рухсат берилмайди.

Саудия Арабистонида 31 март куни CОVID-19 билан боғлиқ яна еттита ўлим ҳолати қайд этилган. Ҳозирда вирус қурбонларининг умумий сони 6676 кишини ташкил қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг