Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласи хавотир ва танқидларга сабаб бўлмоқда
Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласидаги якуний оммавий эшитувлар пойтахт Остонада бўлиб ўтди. Масала бунгача мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кенг муҳокама қилинганди.
Report мухбири Остонадан хабар беришича, қатнашчилардан бири АЭС қурилиши нафақат экологик, технологик ва молиявий рискларни келтириб чиқариши, балки ҳарбий шантаж нишонига айланиши ҳам мумкинлигини таъкидлаган.
Унинг фикрига қўшилганлардан бири — Данияр Калиев Украинадаги Запороже АЭС, Фукусима аварияси, Чернобил ҳалокатини мисол келтириб, булар Қозоғистон учун сабоқ бўлиши лозимлигини айтди. Калиевнинг фикрича, атом энергетикаси эскирди, бутун дунё тикланувчи энергия манбаларига ўтмоқда.
Остонадаги эшитувларда таъкидланишича, АЭС қурилиши ва ундан фойдаланиш қозоғистонликларнинг чўнтагига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, бундан ташқари, атом чиқиндиларини утилизация қилиш масаласи ҳам бор.
Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг таъкидлашича, Қозоғистонда пик соатларда электр тақчиллиги мавжуд. «Биз электр энергиясини Россиядан сотиб олишга мажбур бўляпмиз. Йил бошидан бери 280 млн кВт/соат энергия сотиб олинди. Электр тунги соатларда арзон, пик соатларда эса қиммат, шу боис биз қимматига сотиб олишга мажбурмиз», — деди у.
Соҳа экспертлари ва пойтахт аҳолиси вакиллари қатнашган эшитувлар якунига кўра, Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласида референдум ўтказиш санаси белгилаб олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter