Қозоғистон собиқ ички ишлар вазирига суд ҳукми ўқилди
Остона жиноят ишлари бўйича туманлараро суди Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Эрлан Турғумбаевни шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.
«Суд ҳукми билан Турғумбоев айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди», — дейилади ҳукмда. Судланувчи 10 йилга муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Хабарда қайд этилишича, Турғумбоевга нисбатан коррупция жинояти аломатлари бўлмагани учун унинг жазоси шартли деб ҳисобланади. Суд маҳкумнинг ўз айбига иқрор бўлиши ва чин дилдан пушаймонлигини инобатга олганини таъкидлади.
Собиқ ички ишлар вазирининг Қозоғистонда қўлга олингани апрель ойи охирида маълум бўлган эди. Турғумбоев 2022 йилнинг январь ойидаги оммавий тартибсизликлар пайтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган ва бу оғир оқибатларга олиб келган.
Қозоғистонда ўша даврда беш мингдан ортиқ тартибсизлик иштирокчиси қўлга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter