Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон минтақанинг жиддий муаммоси юзасидан таклиф берди

Қозоғистон минтақанинг жиддий муаммоси юзасидан таклиф берди

Қозоғистон Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммосини ҳал этиш учун гидроэнергетика консорциуми тузишни таклиф қилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Остона шаҳрида ўтаётган хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Осиё форумидаги нутқида гапирган.

«Марказий Осиёнинг истиқболдаги равнақи учун эътибор қаратиш лозим бўлган бир неча аниқ масалаларни санаб ўтмоқчиман. Бу – сув етишмаслиги, атроф-муҳит, чегара низоси ва Афғонистондаги вазиятдир. Аҳоли сони ошиб бораётган ва сув тақчиллашган даврда обиҳаёт манбаларини адолатли ва оқилона тақсимлаш жиддий муаммога айланди. Шу сабаб Қозоғистон минтақавий гидроэнергетика консорциуми таъсис қилишни таклиф этади», – деди Мурат Нуртлеу.

Расмий Остона минтақада сув тақчиллиги муаммосига бот-бот эътибор қаратмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил июнь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонадаги халқаро форумда Марказий Осиёда экологик фожианинг олдини олиш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармасига кўпроқ маблағ ажратиш лозимлигини таъкидлаган эди.

«Амударё ва Сирдарё – минтақамиздаги икки буюк дарёнинг сув сатҳи 2050 йилга бориб тахминан 15 фоизга камаяди. Сув муаммоси ва иқлим ўзгариши ўзаро боғлиқ муаммолардир. Марказий Осиё шундай минтақаки, сув хавфсизлиги фақат яқин ҳамкорлик ва биргаликдаги самарали чора-тадбирлар орқалигина таъминланиши мумкин», – деган Қозоғистон президенти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг