Қозоғистон ҳақида ножўя гапирганлар мамлакатга киритилмайди
Жорий йил 2 октябрда бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, мамлакат ҳақида салбий фикр билдирганларнинг алоҳида рўйхати борлигини билдириб ўтди.
«Табиийки, бизда бундай рўйхатлар бор. Бироқ бу ишчи рўйхат ва биз уни жамоатчиликка ошкор қилолмаймиз. Аниқ рақамлар ҳақида ҳам тўхталмайман», – дейди ТИВ расмийси.
Брифинг чоғида журналистлар ушбу шахсларга нисбатан қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида сўради.
«Чегаралар ёпиляпти, бу одамлар мамлакатга кира олишмайди», – дея тушунтириш берди Смадияров.
Брифингда, шунингдек, россиялик айрим фаолларнинг Қозоғистонни Украина каби «денацификациялаш» ва «демилитаризациялаш» зарур, деган гапларига ҳам муносабат билдирилди.
Смадияров ушбу гаплар расмий Кремлнинг тутуми эмаслигини, айни пайтда мамлакат Россия билан жуда яхши муносабатларга эга эканлигини ҳамда яхши қўшничилик ва дўстона стратегик давлатлар сифатида ҳамкорлик қилинаётганини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter