Қозоғистон чегарасини 98 мингга яқин россиялик кесиб ўтди – ОАВ
Қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин 98 мингга яқин россиялик Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда маълум қилмоқда.
Euronews нашрининг ёзишича, Қозоғистон ва Грузия Россияни тарк этмоқчи бўлганларга автомобил, велосипед, скутер ёки пиёда етиб олишлари учун энг қулай йўналишларга айланди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълум тоифадаги 300 мингга яқин заҳирадаги ҳарбий хизматга чақирилиши кераклигини айтганди. Бироқ жойларда чақирув қоғозлари «маълум тоифа»дагилардан бошқаларга ҳам етиб бораётгани айтилмоқда. Бу эса сафарбарлик кўламининг кенгроқ бўлиши ҳақидаги хавотирларга сабаб бўляпти.
«Ҳозирда сафарбарлик қисман деб эълон қилинган, бироқ ҳужжатларга кўра, у тўлиқ бўлганга ўхшайди. Президентнинг гаплари эса қоғозда ёзилганига тўғри келмайди. Шунинг учун одамлар (бу ерда турганлар) эртами-кечми тўлиқ сафарбарлик эълон қилинишидан қўрқишади. Ундан кейин ҳеч ким мамлакатни тарк эта олмайди», – дейди Россиядан чегара орқали Қозоғистона ўтаётган фуқаролардан бири.
Қозоғистон ҳукумати урушга сафарбарлик сабаб мамлакатини тарк этаётган россияликларга «ғамхўрлик қилиш ва хавфсизликларини таъминлашга» ваъда берди.
Шу билан бирга, мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистоннинг ташқи сиёсатдаги позицияси бетарафлигини таъкидлади.
«Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги бузилмас бўлиши керак. Бу асосий тамойил. Мен бу ҳақда халқаро майдонда ҳамиша очиқ ва аниқ гапириб келганман», – деган Тўқаев.
Бундан ташқари Қозоғистон ИИВ Россиядан қочиб ўтаётган фуқароларни, агар уларга нисбатан жиноий иш қўзҳатилмаган ва халқаро қидирувга берилмаган бўлса, Россияга экстрадиция қилинмаслигини билдирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter