Қорабоғни миналардан тозалашга 20 йил керак бўлади
Қорабоғни миналардан тозалаш гуманитар маркази директори Самвел Месропян Тоғли Қорабоғ ҳудудида миналар сони кўплигича қолаётганини маълум қилди.
«Миналар даражаси ниҳоятда юқори. Биргина Степанакерт шаҳрида 27 сентябрдан бери 30-40 мингга яқин портламай қолган ўқ-дориларни топдик ва зарарсизлантирдик», — деди Самвел Месропян РИА Новостига.
Унинг таъкидлашича, 27 сентябрда Қорабоғда можаро қайтадан авж олгандан сўнг пайдо бўлган ўқ-дориларни қидириш пайтида миналардан тозалаш гуруҳи 1990-йилларнинг бошларида биринчи Қорабоғ урушидан бери сақланиб қолган портловчи буюмларга дуч келишган.
«Ишимиз яна 15-20 йилга етади. Эҳтимол, бундан ҳам кўп давом этиши мумкин», — деди Месропян.
27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди. Боку ва Ереван ҳарбий ҳолатни эълон қилиб, бир-бирини тинч аҳолини ўққа тутишда айблади. Можаро авж олиши натижасида иккала томондан ҳам ҳарбийлар ва тинч аҳоли қурбон бўлди.
10 ноябрь куни оқшом Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва РФ президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолади.
Унга кўра, Боку ва Ереван эгаллаб олган позицияларида тўхтайди, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми эса Озарбайжон назорати остига ўтади. 20 ноябрда Агдам, 25 ноябрда Келбежер, 1 декабрда эса Лачин ҳудудлари расман Бокуга ўтди.
Бундан ташқари, ҳудудга Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter