Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қонли 8 май: бир кунда 45 минг киши қатл этилганини унутиб бўладими?..

Қонли 8 май: бир кунда 45 минг киши қатл этилганини унутиб бўладими?..

Абдулмажид Таббун 2019 йилдан буён Жазоирга раҳбарлик қилиб келади.

Фото: Starface

Жазоир президенти Абдулмажид Таббун мамлакат тарихидаги энг қонли кунлардан бири – 1945 йилнинг 8 майида рўй берган қатлиом юзасидан баёнот берди. Ўша машъум санада мустақиллик талаб қилиб чиққан 45 минг жазоирлик француз мустамлакачилари томонидан қатл этилган.

Жазоир раҳбари француз мустамлакаси даврида содир этилган даҳшатли қотилликлар, хусусан, роппа-роса 77 йил аввал амалга оширилган қатлиом асло унутилмаслигини таъкидлаган. Президент Таббунга кўра, 1945 йилнинг 8 май куни эрксевар жазоирликларнинг қатл этилиши мамлакат тарихида бурилиш ясаган.

Жазоир ўлкаси 1830 йили Франция томонидан босиб олинган. Мамлакат халқи  1954-1962 йилларда мустамлакачиларга қарши омонсиз курашлардан кейин мустақилликни қўлга киритган. 8 йиллик озодлик кураши даврида бир ярим миллиондан зиёд жазоирлик ўлдирилгани айтилади.

Жазоир кўп йиллардан буён расмий Париждан мустамлака даврида амалга оширилган жиноятлар учун кечирим сўраш ва товон пули тўлашни талаб қилиб келади. Франция Жазоирда амалга оширган мустамлака сиёсати учун расман кечирим сўрамаган. Ҳатто яқингача бу мамлакатда амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар «жамоат тартибини тиклаш» истилоҳи билан хаспўшланган. Фақат 1999 йилдагина Франция парламенти Жазоирдаги ҳарбий ҳаракатларни «уруш» дея тан олган.

Франция президенти Эмманюэль Макрон орадан 60 йил ўтиб, 2021 йил октябрь ойида мамлакат полицияси жазоирликларга нисбатан содир этган ваҳшийликни тан олган ва уни кечириб бўлмас жиноят деб атаган эди. Бунга қадар француз масъуллари қатлиомни тан олишдан бош тортиб келган.

Гап шундаки, 1961 йилнинг 17 октябрь куни Париж полицияси намойишга чиққан жазоирликларни ўққа тутган, ўнлаб тинч намойишчи отилган ёки Сена дарёсига ғарқ қилинган. Улар Франциянинг жазоирликларга нисбатан айирмачилик сиёсатига қарши чиққан эди.

Ўтган йили жазоирлик журналист Муҳаммад Аллалнинг Париждаги машҳур Эйфель минораси унинг ватанидан ўғирланган металлдан барпо этилганини таъкидлаб, Франциядан уни зудлик билан қайтаришни талаб қилгани ҳам шов-шувга сабаб бўлганди.

Қайд этилишича, дунёга машҳур минора қурилишида айнан Жазоир ҳудудида қазиб олинган маъданлардан фойдаланилган. Журналист, шунингдек, Жазоирни босиб олгани ва мамлакат бойликларини ташиб кетгани учун Франция расман узр сўраши шартлигини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг