Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қизининг туғилган кунига келган болаларни гаровга олган ҳинд отиб ташланди

Қизининг туғилган кунига келган болаларни гаровга олган ҳинд отиб ташланди

Фото: «РИА Новости»

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида полициячилар ўз уйида 20 тача болани гаровга олган кишини отиб ташлади, деб ёзади «India Today» нашри.

Аввалроқ маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, Фарруҳобод округида яшовчи Суреш Батам (аввал қотилликда айбланган) исмли киши қизининг туғилган кунига болаларни таклиф қилади ва уларни гаровга олади. Олти ойликдан 15 ёшгача бўлган жами 23 нафар бола ва бир нечта аёл шу тариқа асирга тушиб қолади.

Ҳамқишлоқларидан бири жиноятчи билан музокара бошлашга уринади. Бироқ Суреш «элчи»га ўқ узиб, уни жароҳатлайди. Полициячилар Батамнинг уйини қуршаб олишганида жиноятчи уларга қарата ўқ узиб, қўлбола граната улоқтиради.

Махсус операция чоғида жиноятчи бартараф этилди, бир нечта қонун посбонлари жароҳатланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, болалар жароҳатланмаган.

Нашрнинг ёзишича, қотиллик туфайли умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Батам гаров эвазига озод қилинган бўлган.

«NDTV» телеканалининг хабарига кўра, эркак киши бартараф этилгандан сўнг маҳаллий аҳоли унинг аёлини ушлаб олиб, тошбўрон қилган. Аёл оғир аҳволда шифохонага етказилган ва кўп ўтмай у ерда жон берган.

Батамнинг аёли болаларни гаровга олишда қатнашган-қатнашмагани ҳозирча полицияга маълум эмас. Бироқ унинг эрига ёрдам бергани гумон қилинмоқда, дея хабар берди телеканал.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг