Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон Россияга норозилик нотаси йўллади

Қирғизистон Россияга норозилик нотаси йўллади

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясига норозилик нотаси юборди. Бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистон дипломатининг Москвадаги уйига бостириб киргани ва унинг рафиқасига қўл кўтаргани сабаб бўлди.

Матбуотда Россия ички ишлар вазирлиги ходимлари Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жолдошбековнинг уйига бостириб киргани ва унинг оила аъзоларига жароҳат етказгани ҳақида маълумот тарқалди.

Шунга кўра 12 апрель куни Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси консули Андрей Бурьев Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Расмий Бишкек Россия ички ишлар идоралари ходимлари дипломатик муносабатларга доир Вена конвенцияси (1961) талабларини қўпол равишда бузган ҳолда Қирғизистон элчихонаси масъул ходими ва унинг оила аъзолари ҳақ-ҳуқуқларини поймол этгани юзасидан хавотир изҳор қилган. Аккредитациядан ўтган дипломатга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларни содир этган ходимларни дарҳол жавобгарликка тортиш талаб қилинган.

Россия консули А.Бурьев Қирғизистоннинг норозилик нотасига асосан айни пайтда ҳолат юзасидан текширув ўтказилаётгани, унинг натижалари ҳақида маълумот берилишини айтган. У дипломатнинг дахлсизлик ҳуқуқи бузилганини афсусланарли ҳолат деб атаган.

Хабарларга кўра, жорий йил 8 апрель куни Россия ИИВнинг икки ходими Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жолдошбеков яшаётган хонадон эшиги қулфини бузган ҳолда бостириб кирган. Улар қирғизистонлик дипломатдан миграция ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилган. М.Жолдошбеков дипломатлик паспортини тақдим этганидан кейин ҳам полиция ходимлари қўпол муносабатни тўхтатмаган, аксинча, дипломатнинг рафиқасига тан жароҳати етказган, вояга етмаган фарзандларига руҳий босим ўтказган.

«ВЧК-ОГПУ» ахборот канали Россия ИИВ дипломат дахлсизлиги бузилгани фактини яширишга уринаётгани, ҳолат юзасидан текширув ўтказиш пайсалга солинаётгани ҳақида ёзган.

Кузатувчиларга кўра, 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залида рўй берган қонли терактдан кейин Россияда Марказий Осиё, жумладан, Қирғизистон фуқароларига нисбатан қўрқитиш, таҳдид, ҳақоратлаш ҳаракатлари кўпайган.

Аввалроқ Қирғизистон ТИВ хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш чоралари кучайтирилиши муносабати билан ўз фуқароларини Россияга саёҳат қилишдан вақтинча тийилишга чақирган эди.

Март ойида Россия ўнлаб қирғизистонликларни мамлакатга киритмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг