Қирғиз-тожик чегарасидаги аҳоли пунктлари кўчирилади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Kabar» нашрига берган интервьюсида Тожикистон томони билан чегара масаласи амалда ҳал этилгани, ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича икки томонлама ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Қўшни давлат раҳбари ушбу ишлар якунланганидан сўнг тегишли ҳужжатлар ҳукуматлараро комиссиялар, сўнгра ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланишини айтган.
«Бу барча тартиблардан сўнг битим икки давлат парламентлари томонидан ратификация қилинади. Кейин биз, икки давлат президентлари ҳужжатни имзолаймиз. Кейин ноталар алмашинуви бўлади.
Ва шундан кейингина, яна 1-2 йил давомида демаркация ишлари олиб борилади. Шундан кейингина жараён тўлиқ якунланади», – дейди Жапаров.
У, шунингдек, журналистнинг чегара борасидаги келишувлар қайси томоннинг фойдасига ҳал бўлгани ҳақидаги саволларига ҳам жавоб берган.
Садир Жапаровнинг айтишича, икки давлат ўртасидаги чегара низоларини ҳал қилишда фақат бир томонлама манфаатларни ҳисобга олиб бўлмайди. Ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳисобга олинган тақдирдагина қарор қабул қилинади.
«Бизнинг минг километрга яқин умумий чегараларимиз бор. Кўпгина жойларда баҳсли ҳудудлар мавжуд эди. Баъзи ҳолларда бу соҳалар тенг равишда ҳал қилинди.
Қолаверса, бизда шахмат тахтасидек тартибланган, уйлари аралашган чегарадош қишлоқларимиз бор. Биз бу масалани ҳам ҳал қилдик. Акс ҳолда чегара қўриқлаш ҳар икки томон учун ҳам катта ноқулайлик туғдирарди», – дейди у.
Қайд этилишича, агар Қирғизистон томонида Тожикистон фуқароларига тегишли уйлар бўлса, Тожикистон томони уларни кўчиради. Ёки аксинча бўлса, қирғиз фуқаролари ичкарига кўчирилади.
«Улар учун ер майдонларининг катталигини ҳисобга олган ҳолда бошқа жойда уйлар қурамиз», – дейди Қирғизистон раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter