Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қардош Туркиянинг жамоат тартибини сақлаш тизими қандай ишлайди?

Қардош Туркиянинг жамоат тартибини сақлаш тизими қандай ишлайди?

Туркияда биринчи полиция бирликлари Усмонийлар империяси даврида пайдо бўлган эди.

1845 йилда полициянинг вазифалари ва мажбуриятларини белгилаб берувчи қоидалар қабул қилинган. Ўша даврда ушбу бирликлар ҳарбийлаштирилган функцияларни бажарган. 1909 йилда Туркия миллий полициясининг Хавфсизлик бош директорати ташкил этилиб, 1913 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан Директорат вазифаларини белгиловчи йўриқнома, кейинчалик 1932 йилда полицияни ташкил этиш тўғрисида қонун қабул қилинган.

Қабул қилинган йўриқномалар 1934 йил «Полициянинг ваколатлари ва вазифалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингунга қадар амалда бўлган. 1937 йилда полиция ходимларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатларини тартибга солувчи «Хавфсизликни ташкил этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган ва унга 2008-2009 йилларда муҳим ўзгартиришлар киритилган.

Ҳозирда Туркия полицияси республика Ички ишлар вазирлиги тизимига киради ва унинг таркибида Хавфсизлик бош директорати мавжуд.

Туркия полициясининг вазифаларига қуйидагилар киради:

жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ва уларнинг мол-мулкини хавфсизлигини таъминлаш;

ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;

қонун, низом ва ҳукумат норматив-ҳуқуқий хужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни бажариш.

Полициянинг давлат бирлигини сақлаб қолиш ва конституциявий тартиботни таъминлаш сиёсий вазифалари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, полиция маъмурий функцияларни, яъни хавфсизлик чораларини ва бошқа органларга ёрдам беришни ҳам амалга оширади.

Туркияда ички хавфсизлик ва жамоат тартибини ҳимоя қилиш полициянинг уч тармоғи томонидан амалга оширилади:

1) шаҳарлар ҳудудлари учун масъул бўлган Туркия миллий полициясининг Бош Директорати;

2) қишлоқ жойлар учун масъул бўлган Жандармерия бош қўмондонлиги;

3) мамлакат қирғоқларини ҳимоя қилувчи Соҳил хавфсизлик қўмондонлиги.

Туркия миллий полициясининг бош директорати марказий ташкилотга ва ҳудудий бўлинмаларга бўлинади. Марказий ташкилот анча мураккаб тузилишга эга.

Туркия полициясини Бош директор бошқаради. Унга еттита департамент, шу жумладан Офис, Матбуот ва протокол муносабатлари директорати, разведка департаменти, махсус операциялар департаменти, инспекциялар департаменти, назорат органи ва полиция раҳбарларнинг маркази бўйсунади.

Бош директорга бешта ўринбосар ёрдам беради, уларнинг ҳар бири бир нечта департаментларни бошқаради. Масалан, ўринбосарлардан бири Халқаро муносабатлар, Европа ишлари, чегаралар ва миграция ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаменти бўйича масъулдир.

Туркия маъмурий жиҳатдан вилоят, шаҳар ва туманларга бўлинади. Туркияда 81 та вилоят полиция директорати, уларга бириктирилган 751 та шаҳар полиция директорати, 22 та чегара ўтиш пунктлар директорати, 18 та эркин зоналарда полиция участкалари ва 834 полиция участкалари мавжуд.

Полициянинг марказий ташкилоти Ички ишлар вазирлигига, шунингдек вилоятларда полиция раҳбарлари вилоят губернаторларига ва туман раҳбарларига ҳам бўйсунади.

Туркия Жандармерияси – хавфсизлик, ҳуқуқ-тартиботни сақлайдиган ҳарбийлаштирилган қуролли ташкилотдир. У «Жандармерияни ташкил этилиши, унинг вазифалари ва ваколатлари тўғрисида»ги қонун асосида ташкил этилган ва фаолият юритади.

Жандармерия хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш учун жавобгар ва қонунларда белгиланган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Жандармерия Бош қўмондонлиги Ички ишлар вазирлигига бўйсунади. Жандармериянинг жавобгарлик ҳудуди, полиция фаолият олиб борадиган ҳудудлардан ташқари ҳисобланади.

Жандармерия тўртта асосий функцияни амалга оширади:

— Маъмурий – жиноятларнинг олдини олиш, контрабанда ҳолатларини суриштириш, тергов қилиш ва Жазони ижро этиш департаментнинг муассасаларини қўриқлаш.
— Ҳуқуқий – жиноятчиларни аниқлаш, ушлаш ва ташиш, жиноят ишлари бўйича далилларни тегишли органларга тақдим этиш.
— Ҳарбий – Олий қўмондонлик ваколатномасига асосан мамлакатнинг ҳарбий қонун ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш.
— Бошқа вазифалар, яъни қонунлар, низомлар ва ҳукумат қорорларида белгиланган бошқа вазифаларни бажариш.

Жандармериянинг Бош қўмондонлиги тизимига унинг штаб-квартираси ва бўлинмалари, хавфсизлик бўлинмалари, чегара бўлинмалари, таълим муассасалари, маъмурий ва моддий-техник таъминоти бўлинмалари киради.

Соҳил хавфсизлиги. Туркия соҳил соқчилари 1982 йилдаги «Соҳилни қўриқлаш хақида»ги қонунга асосан ташкил этилган. Соҳил қўриқчилари ўз вазифаларини Туркиянинг ҳудудий ва ички сувлари, эксклюзив иқтисодий зонаси ва қитъа сувости ҳудудларида бажарадилар.

Туркия Соҳил қўриқлаш қўмитаси ҳудудий сув хавфсизлигини муҳофаза қилиш, денгизда ҳаёт ва мулк хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда фаолиятининг олдини олиш, қидирув-қутқарув операцияларини амалга ошириш, сув ҳавзаларининг ифлосланишини олдини олиш каби вазифаларни амалга оширади.

Туркия Соҳил қўриқлаш қўмитаси тизимида тўртта ҳудудий бўлинма, хусусан Қора денгиз, Бўғозлар ва Мармар денгизи, Эгей денгизи, Ўртаер денгизи бўйича бўлинмалар мавжуд:

Соҳил қўриқлаш штаб-квартирасида таълим ва тайёргарлик бошқармаси, ҳаводан кўмак бериш бошқармаси, жанговар қўриқловни таъминлаш маркази, олтита жанговар қўриқлаш гуруҳлари мавжуд.

Турк полициясининг учта тармоқларининг ҳар бирида ходимларга қўйиладиган талаблари мавжуд.

Туркия хавфсизлик Бош директорати полициянинг қўмондонлар таркиби (турли поғонадаги) офицер ходимларидан ва ишчи-хизматчилардан ташкил топган. Қўмондонлик таркиби Туркия полицияси бош директори, полициянинг 1-4 поғонадаги суперинтендант, бош инспектор, инспектор, инспектор ўринбосари, полиция офицерларни ўз ичига олади.

Полиция ходимлари икки турдаги таълимни олади. Жумладан, Хавфсизлик Бош директоратининг таълим департаменти томонидан асосий ишлардан ажралмаган ҳолда таълим жараёни амалга оширилади ҳамда Полиция Академиясининг касбий йўналишлар бўйича тайёргарлик курсларида ўқитилади.

Академияда таълим дастурлари беш тури берилади:

биринчидан, базавий таълим (муддати 2 йил бўлган касб бўйича полиция олий мактаблари);

иккинчидан, бакалавр дипломига эга бўлиш учун ўқитиш (хавфсизлик фанлари институтида, 4 семестр);

учинчидан, аспирантура (хавфсизлик фанлари институтида, 4 семестр);

тўртинчидан, Анқара шаҳридаги Давлат олий ўқув юртларида таълим;

бешинчидан, бошқарув соҳасидаги таълим.

Хавфсизлик Бош директоратига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Анқара ва Бурс шаҳарларида жойлашган икки полиция коллежи мавжуд.

Шунингдек, эксперт мутахассисларга ишдан ажратмаган ҳолда таълим берувчи ўқув муассасалари ҳам мавжуд. Улар Туркия халқаро гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш Академияси, Жиноятларни тергов қилиш бўйича тадқиқот ва таълим марказларидир.

Академияни битирган жандармнинг иккинчи лейтенантлари ва Жандармериянинг сержант таркибидаги ҳарбий хизматчилари амалиётни юридик, маъмурий, ҳарбий ва бошқа бўлинмаларда ўтайдилар.

Йил давомида улар Жандармериянинг офицерлар мактабида таҳсил олишади ва шундан сўнг махсус мактабда тўрт ойлик қўмондонлик курсларидан ўтадилар. Ўқишни муваффақиятли якунлаган ходимлар эса Жандармериянинг туман бўлинмаларида хизмат олиб борадилар.

Сержантлар таркибига эса қуйидагилар киради:

сержантлар (ўрта мактаб битирувчилари), ҳарбий хизматчи сержантлар таркиби учун касб-ҳунар мактабларида таҳсил олувчилар;

ихтисослашган жандармлар (техник университет ёки коллежни битирган мутахассислар).

Ихтисослаштирилган Жандармерия ходимлари бир йил давомида Жандармерия мактабида ҳарбий ва касбий таълим олади. Келгусида ҳизматни давом эттирадиган жойларида олти ойлик амалиёт ўтайдилар.

Сохил қўриқлаш хизматчилари ҳақида сўз юритганда эса Денгиз-ҳарбий Академияси ёки Туркия денгизчилик касби олий мактабини тамомлаган сержантлар, шунингдек ихтисослаштирилган таълим марказларида «Соҳил қўриқлаш курслари»дан махсус таълим олган офицерлар ва жанговар қўриқлаш сержантларидан иборат эканлигини таъкидлаш ўтиш жоиз.

Мамлакат олий ўқув юртларининг тегишли факультетлари битирувчилари орасидан давлат хизматчилари ҳарбий таълим муассасаларида ўқитиш талаб этилмайдиган лавозимларга тайинланадилар.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қардош Туркия давлатининг полиция тизимида ижобий жиҳатлар, шу жумладан кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳавий хизматлар ишини ташкил этиш каби йўналишлардаги тажрибаларни муҳокама қилиш фойдадан холи бўлмайди, албатта.

Полковник Баҳодир Улуғбеков,
ИИВ Малака ошириш институти кафедра бошлиғи

Манба: iiv.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг