Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қамоққа олинган шаҳзода подшоҳ акасига қарши жиддий айбловларни илгари сурди

Қамоққа олинган шаҳзода подшоҳ акасига қарши жиддий айбловларни илгари сурди

Қирол Абдуллоҳ II (чапда) ва унинг уй қамоғидаги иниси шаҳзода Ҳамза.

Фото: “AFP”

Иордания қироли Абдуллоҳ II нинг укаси, шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн уй қамоғига олинди. Бу ҳақда шаҳзоданинг ўзи BBC’га адвокати орқали йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

Бир муддат валиаҳд мақомига эга бўлган, кейинроқ ундан маҳрум этилган шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн ўз видеомурожаатида мамлакат раҳбариятини коррупция ва масъулиятсизликда айблаган. Ўзининг уй қамоғига олинишини эса фикр эркинлигига қарши кураш ўлароқ баҳолаган.

«Ҳузуримга Иордания Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи келиб, кўчага чиқишим, одамлар билан мулоқот қилишим ёки учрашишим тақиқланганини маълум қилди. Мен иштирок этган тадбирларда ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳукумат ва қирол фаолиятига доир танқидлар янграган эмиш», – дейди  Ҳамза бин Ҳусайн.

Собиқ валиаҳдга кўра, уй қамоғида интернет ва телефондан фойдаланиш ман этилган. Шаҳзода ва унинг оиласи пойтахт Аммандан ташқаридаги «Салом» саройида ҳибсда тутилмоқда.

Ҳамза бин Ҳусайн қонунга зид бирор хатти-ҳаракат қилмаганини маълум қилган.

«Мамлакатимизда сўнгги 15-20 йил давомида авж олган коррупция, уқувсизлик ва бошқарув инқирозида менинг заррача айбим йўқ. Фуқароларнинг бошқарув идораларига ишончи сўнгани учун ҳам мен айбдор эмасман», – деган собиқ валиаҳд BBC’га йўллаган видеомурожаатида.

«The Washington Post» газетаси Иорданияда 4 апрелга ўтар кечаси давлат тўнтаришига уриниш рўй бергани, уни амалга оширишда гумонланётган 20 га яқин юқори мартабали амалдор ва ҳарбий зобит ҳибсга олингани, улар орасида қирол оиласи вакили Ҳасан бин Зайд ва мамлакатнинг собиқ молия вазири Бассам Иброҳим Авадаллоҳ борлиги ҳақида хабар берди. Газетага кўра, улар қирол Абдуллоҳ II ни тахтдан ағдармоқчи бўлган.

3 апрель куни Иорданиянинг «Petra» ахборот агентлиги ушбу хабарни қисман тасдиқлаб, ҳибслар хавфсизлик мақсадида амалга оширилганини билдирди.

«Қирол оиласида зиддият назоратдан чиққанга ўхшайди. СOVID пандемиясига қадар ҳам мамлакат иқтисодиётида муаммолар бўй кўрсатаётган эди, ҳозирги танглик эса ижтимоий норозиликни кучайтирмоқда. Марҳум қирол Ҳусайннинг ўғли ўз ҳукуматини коррупция, қариндош-уруғчилик ва уқувсизликда айбламоқда. Дарвоқе, ушбу видеомурожаат Дубайда уй ҳибсида тутиб турилган малика Латифанинг мурожаатини ёдга солади», – дея ҳолатни изоҳлайди BBC’нинг махсус мухбири Френк Гарднер.

Иордания – АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчиларидан бири. Сўнгги воқеалар ортидан АҚШ, шунингдек, Саудия Арабистони ва Миср қирол Абдуллоҳ II ни қўллаб-қувватлашларини билдирганлар.   

Иорданияни 1999 йилдан бери қирол Абдуллоҳ II бин Ҳусайн идора этиб келмоқда. Кузатувчиларга кўра, унинг бошқаруви даврида иқтисодий юксалиш рўй берган, аммо 2008 йилдан жаҳон нефть бозоридаги танглик сабаб мамлакат иқтисодиёти ортга кета бошлаган. Айни чоқда, 59 ёшли қирол Абдуллоҳ II ички барқарорликни сақлаб келаётгани алоҳида эътироф этилади.

Ҳозирда уй қамоғида бўлган 41 ёшли Ҳамза бин Ҳусайн қирол Абдуллоҳ II нинг ўгай укаси саналади. Шаҳзода Ҳамза бир неча йил давомида валиаҳд шаҳзода мақомига эга бўлган. 2004 йилда эса қирол укасини бу мақомдан маҳрум этган ва тўнғич ўғли Ҳусайнни янги валиаҳд дея эълон қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг