Путиннинг Европадаги донгдор дўсти ундан юз ўгирди
Италия собиқ бош вазири, таниқли сиёсатчи ва тадбиркор Сильвио Берлускони Россия президенти Владимир Путиндан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди. Берлускони Россия раҳбарининг кўп йиллик дўсти эди.
«Владимир Путиннинг хатти-ҳаракатларидан буткул ҳафсалам пир бўлгани ва ранжиганимни яшира олмайман, яширишни истамайман ҳам. У дунё қаршисида зиммасига жиддий жавобгарликни олди», — деди собиқ ҳукумат раҳбари ўзи асос солган «Олға, Италия» партиясининг йиғилишида.
Апрель ойи бошида Киев вилоятининг Буча шаҳрида Россия ҳарбийлари томонидан кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани маълум бўлган, ушбу мудҳиш воқеа қирғин деб аталган эди.
Италия собиқ вазири ҳам Бучада рўй берган ҳодисалар учун жавобгарликдан қочиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Берлускони кўп йиллик қадрдони Путинни демократия одами дея адашганини тан олган.
Ҳар икки сиёсатчи ўзаро дўст эканларини кўп бора таъкидлаб келганлар. 2019 йилда Италиянинг «Corriere dell Sera» газетасига интервью берган Путин Берлусконини дунё даражасидаги сиёсатчи деб мақтаган. Итальян сиёсатчиси эса 2021 йили Россия президентини замонавий халқаро сиёсатнинг кўзга кўринган ягона етакчиси деб атаган.
Жорий йил 24 февраль куни Россия қўшини Украинага бостириб киргач, Путиннинг Европадаги кўплаб дўстлари ундан юз ўгирди. Масалан, Чехиянинг россияпараст деб баҳоланган президенти Милош Земан Украина босқинини кескин қоралаб, Россия раҳбарияти бундай иш қилмайди деб хато ўйлагани учун узр сўради.
Кремлга хайрихоҳ яна бир сиёсатчи — Европа кенгаши Парламент ассамблеяси президенти Тини Кокс ҳам Путиндан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.
Украинадаги сўнгги ҳодисалар ортидан Россия президентига хайрихоҳ бўлган яна кўплаб сиёсатчилар ундан узоқлашди.
Аввал хабар берганимиздек, Германия жамоатчилиги мамлакат собиқ канцлери, «Роснефть» директорлар кенгаши раҳбари лавозимида фаолият юритаётган Герҳард Шрёдернинг Россия манфаатларига қаратилган фаолиятидан норозилик билдирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter