Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Путин Пригожин билан гаплашиш бефойдалигини айтди» — Лукашенко

«Путин Пригожин билан гаплашиш бефойдалигини айтди» — Лукашенко

Беларус президенти Aлександр Лукашенко «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин билан келишуви ҳақида ҳикоя қилиб берди. 

«ФСБ орқали Давлат хавфсизлик қўмитаси генерали Тертел ҳисобот берди: Президент Путин алоқага чиқмоқчи. Соат тўққиз яримда у учун қулай вақтда гаплашиш учун келишиб олдик.

Соат 10.10 да Путин қўнғироқ қилиб, Россияда бўлаётган вазият ҳақида менга батафсил маълумот берди», деди Лукашенко.

«Тушундим: шафқатсиз қарор қабул қилинди (бу Путиннинг нутқидаги гаплардан билиб олиш мумкин эди). Путинга шошилмасликни таклиф қилдим.

Келинг, Пригожин билан, унинг командирлари билан гаплашайлик, дея таклиф қилдим. У менга шундай деди: «Қулоқ сол, Саша, бу бефойда. У ҳатто телефонни ҳам кўтармайди, ҳеч ким билан гаплашишни истамайди».

Бундан ташқари, Лукашенко Пригожин билан қандай музокара қилганини айтди:

«Мен сўрадим: «У қаерда?» - «Ростовда».

«Яхши. Ёмон тинчлик ҳар қандай урушдан яхшироқдир. Шошилма. Мен у билан боғланишга ҳаракат қиламан».

У яна бир бор қайтарди: «Бу бефойда». Мен айтдим: «Яхши, кутинг».

Лукашенконинг айтишича, у Пригожин билан боғланишда қийналмаган. «Вагнер» раҳбари қўнғироққа тезда жавоб берган, аммо ўртадаги суҳбат бироз асабий бошланган. Лукашенкога кўра, Пригожин қўпол лексикадан фойдаланган, аммо охирида Беларус раҳбаридан узр сўраган. 

«Мен унга Путин у билан гаплашмаслигини, қўшинлар тайёрлигини, ярим йўлда уларни ҳашарот каби эзғилаб ташлашлари мумкинлигини айтдим. Пригожин эйфорияда эди, Москвагача боришини айтди. Унга ҳарбий бригада Москвага боришга тайёрлигини, пойтахтни ҳимоя қилишимизни айтдим»-,дейди Лукашенко. 

Шунингдек, Беларус президенти Пригожиннинг мамлакатга келганини расман тасдиқлади. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг