Путин Пашинян ва Алиевни Кремлга йиғди
Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғ бўйича Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан уч томонлама музокараларни бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Пашинян ва Алиев бугун, 11-январ куни эрталаб Москвага учиб боришди. Путин Арманистон ва Озарбайжондан келган ҳамкасбларини Кремлда йиғди.
Куни кеча, 10-январ куни Россия раҳбари Тоғли Қорабоғ можаросини тартибга солиш бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудофаа вазири Сергей Шойгу, ФСБ директори Александр Бортников ва ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин иштирок этишди.
Аввалроқ Арманистон ва Озарбайжон махсус хизматлари раҳбарлари нейтрал чегара ҳудудида учрашув ўтказиб, маҳбусларни алмаштириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди.
27-сентябр куни Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди. Боку ва Ереван ҳарбий ҳолатни эълон қилиб, бир-бирини тинч аҳолини ўққа тутишда айблади. Можаро авж олиши натижасида иккала томондан ҳам ҳарбийлар ва тинч аҳоли қурбон бўлди.
10-ноябр куни оқшом Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва РФ президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолади.
Унга кўра, Боку ва Ереван эгаллаб олган позицияларида тўхтайди, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми эса Озарбайжон назорати остига ўтади. 20-ноябрда Агдам, 25-ноябрда Келбежер, 1-декабрда эса Лачин ҳудудлари расман Бокуга ўтди.
Бундан ташқари, ҳудудга Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter