Путин махфий гапнинг учини чиқарди
5 июнь куни Санкт-Петербургда халқаро ахборот агентликлари вакиллари билан учрашган Россия президенти Владимир Путин ҳозирда рус қамоғида тутиб турилган америкалик журналист Эван Гершкович тақдирига оид саволга ҳам жавоб қайтарди.
AP ахборот агентлиги вакили Оқ уйнинг Э.Гершковични озод қилиш масаласида Россия билан музокаралари натижаси хусусида сўраган.
Кремль хўжайини бунга жавобан Вашингтон бу борада фаол ҳаракат қилаётгани, аммо масала махфийлиги важидан тафсилотлар очиқланмаслигини айтган.
«Қўшма Штатлар уни озод қилиш бўйича қизғин қадамлар ташлаяпти. Бу ҳақиқат. Аммо бундай масалалар оммавий ахборот воситалари орқали ҳал этилмайди. У тинч, осойишта равишда профессионал ёндашув ва махсус хизматлар ўртасида мулоқотни талаб этади», – деган сиёсатчи.
Маҳбуслар алмашуви икки томоннинг муштарак манфаатига асосланиши лозимлигини урғулаган Путин эътирозларга қарамай, Россия журналист Эван Гершковични айбдор деб билишини қайд этган.
«Сиз у мутлақо айбсиз дейсиз. Аммо Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлар у жосуслик деб аталган ғайриқонуний ҳаракатлар содир этган деб ҳисоблайди. Тафсилот ва деталларга чуқур кириш ниятим йўқ», – деган Россия раҳбари.
Аввал хабар берганимиздек, «The Wall Street Journal» нашрининг Москвадаги бюроси ходими Эван Гершкович 2023 йил 30 март куни Екатеринбург шаҳрида Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган. У жосусликда айбланмоқда.
32 ёшли журналистнинг адвокатлари у бундай айбловни тан олмаслигини билдирган. АҚШ ҳукумати ҳам журналистнинг қамоққа олинишини ноқонуний деб атаган.
Давлат котиби Энтони Блинкен Россия расмийлари билан мулоқотларда Гершковични озод қилишни талаб этиб келади.
Ғарб матбуотига кўра, журналистнинг қўлга олиниши ортида шахсан Россия президенти турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter