Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Тўқаев суверенитет ҳимоясини муқаддас бурч деб атади

Президент Тўқаев суверенитет ҳимоясини муқаддас бурч деб атади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 декабрь – Мустақиллик куни муносабати билан мамлакат халқига табрик йўллади.

1991 йил 16 декабрда Қозоғистон Олий кенгаши давлат мустақиллиги ва суверенитети ҳақидаги қонунни қабул қилган. Ўшандан буён мазкур сана мамлакатнинг асосий миллий байрами сифатида нишонланади.

Президент Тўқаев мустақиллик эълон қилинган кунни мамлакат тарихидаги улуғ сана, аждодлар орзулари рўёбга чиққан палла деб атаган. Мустақиллик йўлида жонини фидо қилган миллий қаҳрамонлар хотираси абадий қолиши, уларнинг ватанга муҳаббати бугунги ва келажак авлодга ибрат экани таъкидланган.

«Мустақиллик – бебаҳо бойлик. Барчамиз уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз лозим. Мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш муқаддас бурчимиздир», – деган Қозоғистон раҳбари. 

Байрам қутловида жорий йил синовларга бой келгани ҳам қайд этилган.

«Бу йил мамлакатимиз учун тақдируламал йил бўлди. Биз мисли кўрилмаган ички ва ташқи таҳдидлар билан рўбарў келдик. Лекин бирлик ва бирдамлик туфайли барча синовлардан мардона ўтмоқдамиз», – деган у.

Президент Қ.Тўқаевга кўра, мамлакатда бошланган сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар қандай натижа бериши барча фуқароларга боғлиқ, бинобарин, бу йўлда ҳар бир қозоғистонлик сидқидилдан ҳаракат қилиши талаб этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг