Президент Тўқаев муҳим масалага ойдинлик киритди
Қозоғистондаги нотинчлик пайти мамлакатга киритилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар контигентини олиб чиқиш жараёни икки кундан кейин бошланади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламентнинг 11 январь кунги ялпи мажлисида маълум қилди.
«Умуман олганда аксилтеррор амалиётларининг тиғиз босқичи ортда қолди. Барча минтақаларда вазият барқарор. Шу муносабат билан КХШТ тинчликпарвар кучларининг миссияси муваффақиятли якунланганин эълон қиламан. Икки кундан кейин КХШТ бирлашган тинчликпарвар контингентини босқичма-босқич олиб чиқиш бошланади. Қўшинни олиб чиқиш жараёни 10 кундан ошмайди», – деди Қозоғистон етакчиси.
Қ.Тўқаев мамлакатни остин-устун қилган қўпорувчи кучлар ортида ким турганини аниқлаш муҳим эканини ҳам таъкидлади.
«Террорчилик хуружлари ортида ким турганига ойдинлик киритиш ўта зарур. Бошқа бир муҳим жиҳатга ҳам эътибор қаратмоқчиман: давлат нега уйқудаги жангарилар тўдаси ҳамда уларнинг қўмондонлик пунктлари фаолиятидан ғафлатда қолди? Мамлакатимиз ҳудудида нега бунча кўп миқдорда ноқонуний қурол-аслаҳа ва махсус воситалар пайдо бўлди?» – дея мутасаддиларни саволга тутди у.
Махсус тергов-тезкор гуруҳи бу борада барча тафсилотларни аниқлаши лозим.
Қ.Тўқаев мушкул паллада жасорат кўрсатган мудофаа вазирлиги ҳамда давлат чегараларини қўриқлаш хизмати ҳарбий хизматчиларига миннатдорлик билдирган. Айни чоқда, ҳудудлардаги хавфсизлик идоралари раҳбарияти қурол-аслаҳа ва махфий ҳужжатларни тақдир ҳукмига ҳавола этганча ўз хизмат жойини жангсиз тарк этганини кескин танқид қилган.
Таъкидланишича, Қозоғистон ҳарбий, сиёсий, мафкуравий ва ахборий майдонда жанг қилишга мажбур бўлди.
Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар қўшинининг киритилиши суверенитетга таҳдид деб ҳам баҳоланди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги 9 январь куни берган баёнотида бу нуқтаи назарни рад этди.
Маълум қилинишича, юзага келган мураккаб вазият туфайли Қозоғистон КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган. Ташкилот томонидан юборилган 2500 кишилик тинчликпарвар қўшин стратегик объектларни қўриқлаш ҳамда маҳаллий кучларга кўмакда қатнашмоқда.
«Террорчи гуруҳларга қарши жанговар ҳаракатлар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда Қуролли кучлари томонидан амалга оширилмоқда. КХШТ тинчликпарвар қўшини Қозоғистонда вақтинча бўлиб турибди ва вазият барқарорлашиб, Қозоғистон томони мурожаат қилган заҳоти мамлакатни тарк этади», – дея баёнот берган ташқи сиёсат маҳкамаси.
C.Cалим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter