Президент Байден H.R. 6256 рақамли қонунга имзо чекди
АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидан импортни тақиқлаш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Оқ уй матбуот хизмати.
H.R. 6256 рақамли қонунда мазкур минтақа аҳолисини мажбурий меҳнатга жалб қилганларга нисбатан жазо чоралари қўллаш ҳам кўзда тутилган. Гап шундаки, АҚШ Хитойни Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айбламоқда. Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.
Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Ҳисоботда лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.
Давлат департаменти жорий йил январ ойида Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини геноцид деб атаганди.
2020 йил июн ойида АҚШ президенти Доналд Трамп уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаган. Ушбу қонунга кўра, Хитой ҳудудида яшовчи уйғурлар ҳамда бошқа мусулмон элатлар ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган ташкилот ва шахсларнинг маблағлари музлатилади, уларнинг Қўшма Штатлар ҳудудига кириши чекланади.
Ўтган йили Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute) ҳам Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.
Жорий йил июнь ойида эса Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Хитой назоратидаги Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилди. 160 саҳифали ҳисоботда «қайта тайёрлаш лагерлари» деб аталган юзлаб тутқунгоҳларда уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик каби оз сонли миллат вакилларига нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юритилаётгани баён қилинган.
Қайд этилишича, «терроризмга қарши кураш» дея ниқобланаётган кампаниядан кўзланган мақсад мазкур миллатларнинг диний эътиқоди, миллий қадриятлари ва тилини йўқ қилишдан иборатдир.
Жаҳон ҳамжамияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақланаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.
Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Қайд этилишича, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.
Расмий Пекин АҚШ президенти Жо Байден томонидан H.R. 6256 рақамли қонун имзоланишини ҳам кескин қоралади. Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Вашингтонни Шинжондаги вазиятни қасддан қора бўёқда тасвирлаш, мамлакатнинг ички ишларига аралашувда айблади.
«Шинжондаги «мажбурий меҳнат», «геноцид» ҳақидаги айбловлар аксилхитой кучлари томонидан ўйлаб топилган ғаразли ёлғондан бошқа нарса эмас. Шинжондаги тараққиёт ва ижтимоий барқарорлик бутун дунёда тан олинган. Барча этник гуруҳ бахтли ва фаровон ҳаёт кечираётгани факти ҳам умумэътироф этилгандир», дейилади Хитой ТИВ баёнотида.
C.Cалим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter