Перунинг «ахлоқан ноқобил» президентини истеъфога чиқаришмоқчи
Перунинг бир палатали парламенти кўпчилик овоз билан мамлакат президенти Мартин Вискаррани истеъфога чиқариш кўзда тутилган резолюция лойиҳасига овоз берди. Бу ҳақда «Andina» агентлиги хабар берди.
Депутатларнинг 65 нафари президент импичментини ёқлаб, 36 нафари қарши овоз берди, 24 депутат — бетараф. Импичмент тарафдорлари Вискаррани «ахлоқан ноқобил»лиги боис ўз лавозимида қолишга нолойиқ, деб ҳисоблашмоқда.
Президент истеъфоси ҳақидаги резолюция лойиҳасини тасдиқлаш учун 52 та овоз етарли эди. Энди парламентарийлар Вискарранинг истеъфога чиқарилиши учун ҳал қилувчи овоз бериш санасини тасдиқлашлари керак, бунгача президент парламентда чиқиш қилиб ўзини оқлашига имкон берилади: Мартин Вискарра парламентнинг 14 сентябрдаги ялпи мажлисига чақирилган.
Перу президентини узил-кесил лавозимидан олиб ташлаш учун парламент депутатларининг 130 нафаридан 87 нафарининг овоз керак бўлади. Импичмент амалга ошган тақдирда давлат раҳбари вазифаларини Конгресс раиси бошқариб туради (янги сайловлар ўтгунига қадар).
Мавзуга оид: Сиёсий инқироз: Перу президенти ва парламент бир-бирини ҳукуматдан четлатди
Вискарранинг айби нимада?
Резолюция муаллифларига кўра, қўшиқчи Ричард Свинге (Ричард Сиснерос) иши бўйича жиноий ва парламент суриштирувига президент тўсқинлик қилган. Маданият вазирлигини артист билан амалдаги қонун меъёрларини бузган ҳолда шартнома тузишда гумон қилган депутатлар суриштирув ўтказишни талаб қилишганди.
Перу президенти овози туширилган аудиоёзув ошкор бўлгач, депутатлар импичмент тўғрисидаги резолюцияни тайёрлашга киришишди. Овозда Вискарра Сиснерос билан учрашганига иқрор бўлган, ҳолбуки илгари буни инкор этаётганди.
Маълумот учун: Мартин Вискарра илгариги давлат раҳбари Педро Кучински импичмент орқали лавозимидан кетказилганидан сўнг, 2018 йилда Перу президенти бўлганди. Бунгача 2016 йилдан мамлакат вице-президенти лавозимида фаолият юритиб келган.
Перуда президент ва парламент сайловлари 2021 йилнинг 11 апрелига белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter