Пенсионер кутилмаганда таниқли жосуснинг улкан бойлигига меросхўр бўлиб қолди
Ҳиндистоннинг Мангалур шаҳрида яшовчи Эдвин Д’Соуза кутилмаганда таниқли жосуснинг меросхўрига айланди ва чалкашиб кетган суд ишига шўнғиб кетди, деб ёзмоқда «Лента» портали «The Times of India» нашрига асосланиб.
Д’Соуза меросдан Деҳли полицияси қўнғироқ қилгач воқиф бўлди. Унга марҳум онаси Герти Уолдер ва ўгай отаси Кумер Нарайнга тегишли улкан уйга даъвогарлик қилиш ҳуқуқи борлиги етказилди. Мол-мулк 100 миллион рупияга баҳоланган.
Лекин 76 ёшни қоралаган қария нафақат уй, балки ўгай ота ҳақида ҳам биринчи бор эшитиб турганди. Герти Уолдер икки ойга тўлар-тўлмас ўғлини ташлаб, бошқа шаҳарга кетиб қолади. Д’Соуза бувисининг қўлида улғаяди ва онаси билан деярли кўришмайди. Кейинчалик онаси иккинчи марта турмуш қурганини эшитади. Лекин у ўгай отасининг ҳатто исмини ҳам билмасди.
1964 йили Д’Соуза сўнгги бор онасини бориб кўради. Бу вақтга келиб йигитча безориларга ўралашиб қолиб, кичик жиноятчига айланиб улгурганди. Онаси билан учрашгач йигитча унинг автомобилини ўғирлаб кетади. Ўшанда ҳам у ўгай отасини кўрмаганди.
Кумер Нарайн ҳам қонунбузар бўлган, фақат унинг «йўли» бошқа эди. Герти Уолдернинг янги эри мамлакатлараро савдо билан шуғулланувчи ҳинд компаниясида муҳим лавозимлардан бирини эгаллаганди. «New York Times» газетасининг ёзишича, у раҳбари билан бирга амалдорларни сотиб олган, уларни роса ичириб, ҳарбий ва иқтисодий сирларни билишга уринган. Кейин эса уларни ГДР, Польша ва Франция дипломатларига пуллаган. Ҳинд матбуоти унинг собиқ Иттифоқ билан алоқаларини тилга олади, лекин исбот тополмайди.
1985 йили жосус ва унинг ҳамтовоқлари фош этилади. Нарайн қамоққа тушади, лекин бир неча йилдан сўнг гаров пулини тўлаб, турмадан чиқади. У 2000 йили 75 ёшида, суд бўлишига улгурмай озодликда ҳаётдан кўз юмади. Жосуслик бўйича суд ишлари икки йилдан кейингина ниҳоясига етади. Кўп ўтмай кимдир Нарайннинг хотини ва Д'Соузанинг онаси — Герти Уолдерни бўғиб ўлдиради. Дафн қилиш маросимига на унинг ўғли, на бошқа қариндошлари келади.
2008 йили Уолдер ва Нарайннинг уйини собиқ чўри — Радхика исмли аёл ноқонуний йўл билан ўзлаштириб олади. У дастлаб ўзини таниқли жосуснинг туғишган, кейин эса асранди қизи деб таништиради. Мол-мулкнинг қонуний меросхўри эканини ҳужжатлар билан исботлашга уринади — улар сохта бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу бошқа меросхўрларни излаш жараёнини ортга суради.
Терговчилар Нарайннинг қариндошларини излаб топиша олмайди. Лекин архивдан 1964 йили автомобили ўғирлаб кетилганлиги ҳақидаги Уолдернинг аризаси чиқиб келади. Унда Мангалурда истиқомат қилувчи ўғли тилга олинганди. Шу тариқа полиция Эдвин Д’Соуза ҳақида хабардор бўлишади. Энди у меросга эгалик қилиш учун Радхика билан судлашишига тўғри келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter