«Пекин мўъжизаси». Дунёдаги энг катта аэропортлардан бирига фотосаёҳат
Хитойда дунёдаги энг катта аэропортлардан бири фойдаланишга топширилди. Пойтахт Пекиндан 50 километр жанубда жойлашган Дасин аэропорти терминали 700 минг квадрат метрни эгаллаган. Янги қўналға ҳамда пойтахтни тезюрар поезд боғлайди.
Беш йил давомида қурилган ушбу улкан иншоот учун 450 миллиард юань – 63 миллиард доллар сарфланган.
Аэропорт ҳозирча йилига 620 минг рейсни қабул қилади. Шу тариқа Дасин ҳаво бандаргоҳи 2022 йилда – 45 миллион, 2025 йилда эса 72 миллион йўловчига хизмат қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга янги аэропорт орқали йилига 2 миллион тоннага қадар юк ташиш кўзда тутилган.
Олти қиррали юлдуз ёки афсонавий қушни ёдга солувчи аэропорт терминали марҳум араб меъмори Заҳа Ҳадид (1950-2016) лойиҳаси асосида бунёд этилган. «Юлдуз»нинг ҳар бир «қирраси»да хитой меъморчилиги анъаналарини кўриш мумкин.
Пекиннинг асосий ҳаво дарвозаси саналган «Шоуду» аэропорти 1950-йилларда қурилган бўлиб, у йилига 100 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Кейинги йилларда ушбу аэропортда йўловчи қатнови ҳамда юк ҳажми ҳаддан зиёд кўпайиб кетган эди. Шу боис мамлакат раҳбарияти пойтахтга ёндош ҳудудда янги аэропорт қуришга қарор қилган.
Хабарларга қараганда, Sky Team иттифоқига кирувчи авиакомпаниялар қатновларни янги аэропортга кўчиради, Star Alliance гуруҳи аъзолари эса фаолиятини «Шоуду» аэропортида давом эттиради. Янги ҳаво қўналғаси тўлақонли фаолият юритиши учун бир неча йил керак бўлиши айтилмоқда.
Марҳамат, Дасин халқаро аэропортига фотосаёҳат қилинг! Суратлар «Синьхуа», «Рейтер» ҳамда ТАСС ахборот агентликлари томонидан олинган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter