Парламент раҳбари президент мурожаатномасини намойишкорона йиртиб ташлади
АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакат парламенти – Конгресс қўш палаталарига йиллик мурожаатномаси ўзига хос можаролар билан кечди.
Анъанага кўра, Конгресснинг қуйи палатаси спикери давлат раҳбарига сўз берар экан, «зўр мамнуният ила Қўшма Штатлар президентини минбарга чорлайман» қабилида лутф-мулозамат кўрсатади. Аммо президент Трамп билан кўпдан буён даҳанаки тортишиб келаётган Вакиллари палатаси спикери, демократлар етакчиси Нэнси Пелоси қуруққина қилиб «АҚШ президент Дональд Трамп» дея эълон қилди ва нутқ ирод қилишга шай турган Оқ уй етакчисига қўлини узатди. Аммо президент Трамп Нэнси Пелосининг қўлини сиқиб қўйишни ўзига эп кўрмади. Парламент раҳбарининг қўли ҳавода муалллақ қолди. Албатта, жамоатчилик Нэнси хоним президентнинг бу «густоҳлиги»ни жавобсиз қолдирмаслигини сезиб турар эди. Вакиллари палатаси спикери президентнинг «салом»ига «алик»ни унинг маърузаси сўнггида берди...
АҚШ раҳбари бир ярим соат давомида сўнгги уч йил ичида эришилган оламшумул иқтисодий ютуқлар ҳақида тўлқинланиб гапирди.
Трампга кўра, президент Барак Обама даврида ишсизлик ва жиноятчилик авж олган, мамлакатга ноқонуний муҳожирлар ёпирилиб келган эди. Трамп даврида эса 7 милллион янги иш ўрни яратилди, 12 минг янги корхона очилди.
Президентнинг мурожаати мобайнида партиядошлари – республикачилар давомли қарсаклар билан уни дастаклаб туришди. Демократлар жимгина ўтиришди. Пелоси хоним эса президентнинг баланд пафосдаги гапларини бошини сарак-сарак қилганча, кинояли табассум билан кузатди.
Одатда, парламентга мурожаатноманинг иккинчи қисми АҚШ ташқи сиёсатига бағишланар эди. Аммо бу гал Дональд Трамп терроризмга қарши кураш, хусусан, «Ислом давлати» раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ҳамда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилганинигина эслаб ўтди.
Оқ уй етакчиси ўз нутқи мобайнида яна кўплаб ваъдалар берди, ора-орада мухолиф демократлар «томорқаси тош отиш»ни ҳам унутмади.
Д.Трамп «қуёш ҳамон порлаётир, барчамизни илоҳий нур чулғаган» каби шоирона сўзлар билан чиқишини якунлагач, республикачилар тик турган ҳолда уни олқишлашди. Айни ўша лаҳзаларда Нэнси Пелоси шарт ўрнидан турдию президент мурожаатномаси нусхасини намойишкорона йиртиб ташлади...
Эслатиб ўтамиз, Вакиллари палатаси раҳбари кўпдан буён президентни турли масалаларда танқид қилиб келади. Айни пайтда давом этаётган импичмент – давлат раҳбарини муддатдан олдин лавозимдан бўшатиш ташаббускори ҳам айнан Нэнси Пелосидир.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter