Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пандемия даврида Туркияга борувчи сайёҳларга қандай имкониятлар берилиши маълум қилинди

Пандемия даврида Туркияга борувчи сайёҳларга қандай имкониятлар берилиши маълум қилинди

Фото: «Dailysabah.com»

Туркия ҳукумати пандемия даврида мамлакатга келган сайёҳларга тиббий суғурта пакетини тақдим этади. 15, 19 ва 23 евролик суғурта пакетлари доирасида 3000 евродан 7000 еврогача тиббий харажатлар қопланади. Бу ҳақда мамлакат Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Анталияда ўтказилган халқаро анжуманда маълум қилди.

Туркияга энг кўп сайёҳ юборган 50 дан ошиқ давлат дипломатлари ҳамда чет эллик журналистлари қатнашган анжуманда хавфсиз туризм дастури тафсилотлари очиқланди.

«Пандемия вақтида мамлакатимизда таътил ўтказмоқчи бўлган меҳмонларимиз учун ҳамма жиҳатларни, икир-чикирларгача ҳисобга олдик. 1 июль ҳолатига кўра мамлакатимизга келадиган чет эллик меҳмонларимиз учун Сovid-19 тестини ўз ичига олган тиббий суғурта пакетини жорий қилдик. Шартнома билан келишилган аэропортлардан олинган авиачипталар, паспорт назоратидан аввал савдо масканлари, тур операторлар ва онлайн каналлар орқали харид қилиш мумкин бўлган 15, 19 ва 23 евролик суғурта пакетлари доирасида 3 минг, 5 минг ва 7 минг еврогача барча тиббий харажатлар қопланади», – дейди вазир Эрсой.

Туркия маданият ва туризм вазирлиги жорий этган хавфсиз туризм сертификати соҳа ходимлари ҳамда меҳмонларнинг саломатлигини муҳофаза этиш бўйича кенг кўламли чораларни ўз ичига олади. Халқаро сертификатлаш идоралари томонидан бериладиган ушбу сертификат авиакомпаниялар, аэропортлар ва бошқа транспорт объектлари, тураржой сектори ҳамда умумий овқатланиш муассасаларида соғлиқни сақлаш, санитария-гигиена бўйича талабларга сўзсиз ижро этилишини таъминлайди. Сертификатлаш тизими меҳмонларнинг ўз таътилларини хавфсиз ва тозаликка риоя қилинган ҳолда ўтказишини кафолатлашга йўналтирилган.

Меҳмет Нури Эрсойга кўра, мазкур сертификат олиш учун мурожаатлар сони ҳамда сертификатланган объектлар миқдори ошиб бормоқда. Вазир Туркиянинг Айдин, Анталия, Муғла каби сайёҳлик марказларида коронавирусга чалиниш кўрсаткичи жуда пастлигига ҳам эътибор қаратган.

Ҳозирга қадар 400 га яқин меҳмонхона хавфсиз туризм мезонларини амалга татбиқ этиб тегишли шаҳодатнома олишга улгурди.

Маълум қилинишича, хавфсиз туризм сертификати дастурига оид батафсил маълумотларни Туркия туризмни танитиш ва ривожлантириш агентлигининг сайти орқали топиш мумкин.

Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, 2023 йил – Туркия республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги арафасида мамлакатга келувчи сайёҳлар сонини 75 миллионга, ушбу соҳа бўйича йиллик даромадни эса 65 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Жаҳон сайёҳлик ташкилотига кўра, 2019 йилда Туркия сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи мамлакатлар рейтингида олтинчи ўринни олган. Ўтган йили мамлакатга 52 миллион сайёҳ ташриф буюрган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг