Ўзбекистоннинг олисдаги яқин ҳамкори
Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий ҳамкорларидан бири саналади. Берлин ва Тошкентни қарийб 5000 километрлик масофа ажратиб туради. Икки мамлакат жуғрофий жиҳатдан олисда эканига қарамай, кўп соҳаларда яқин робиталар ўрнатган. Буни биргина факт – жорий йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олмон ўлкасига икки марта сафар қилгани ҳам тасдиқлайди. Қуйида поёнига етаётган 2023 йилда рўй берган Ўзбекистон ва Германия муносабатларига доир энг муҳим 5 ҳодиса эслаб ўтилади.
I. Президент ва бош вазир ташрифи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида Германияга сафари давомида федерал канцлер Олаф Шольц ҳамда президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди. Қўшма бизнес-форум якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Президент Ш.Мирзиёев 29 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида қатнашиш учун иккинчи марта Берлинга борди. Саммитда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда барқарор минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, март ойида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Германияда бўлди.
II. Ўн миллиард долларлик қўшма лойиҳалар
Сентябрь ойида Тошкентда Германия иқтисодиёти куни бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда маълум қилинишича, сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони қарийб 3 баробар ўсди ва бу кўрсаткич 200 тага етди.
Олмониялик ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган 100 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг локомотивлари муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Берлин Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
III. Олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда биринчи давлат
Германия томони йил давомида турли лойиҳалар доирасида таълим грантлари тақдим этди. Масалан, Германия Бундестаги таъсис этган Халқаро парламент стипендияси ёш иқтидор эгаларига парламент тизими билан назарий ва амалий жиҳатдан танишиш имкониятини беради.
Ҳаннс Зайдел жамғармаси эса бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқишни хоҳловчи талабаларга стипендиялар таклиф этади.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда Германияда таълим олиш ва олмон тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатимизда 300 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари, 19 минг нафар талаба олмон тилини ўрганмоқда. 24 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатиляпти. Ҳозирда ушбу хорижий тилни боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.
Германиянинг Тошкентдаги элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган.
IV.Кун тартибида – “яшил” иқтисодиёт
Германия турли соҳалар қаторида “яшил” саноат, экология, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби йўналишларда ҳам Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Декабрь ойида Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида 9 миллион евролик битим имзоланди. Грант маблағи Ўзбекистонда “яшил” саноатлаштириш бўйича хусусий сектор салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашув лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
Германия ажратган кўп миллион евролик кўмак воситасида Оролбўйи минтақасида ҳам қишлоқларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизининг қуриган тубида биологик хилма-хилликни тиклаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш каби йўналишларда қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
V. Уч ҳафта давом этган тадбирлар мажмуаси
Сентябрь ойи давомида Ўзбекистонда Германия ҳафталиклари ўтказилди. Ҳафталиклар давомида юртимиз бўйлаб кўча санъати фестивалидан овозсиз кино намойишига қадар, таълим кўргазмасидан маҳорат дарсларига қадар, иқлим муҳофазасига доир маърузадан қишлоқ хўжалиги семинарига қадар – ўнлаб йирик тадбирлар уюштирилди. Қарийб уч ҳафта давом этган тадбирлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter