Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон омбудсмани Хўжали фожиаси айбдорларини жазолашни талаб қилди

Озарбайжон омбудсмани Хўжали фожиаси айбдорларини жазолашни талаб қилди

Озарбайжон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева 26 февраль – Хўжали қатлиоми куни муносабати билан халқаро ташкилотларга мурожаат йўллади. Унга кўра,  31 йил аввал Қорабоғ минтақасидаги Хўжали шаҳрини эгаллаб, қирғин содир этган шахслар халқаро маҳкама томонидан жазоланиши лозим.

«Адолатни тиклаш ва Арманистон томонидан содир этилган Хўжали қатлиоми – инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятлар такрорланишига йўл қўймаслик учун дунё давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар ҳодисага сиёсий-ҳуқуқий баҳо бермоғи лозим. Геноцид айбдорлари халқаро судда жавоб бериши, бу йўналишда қатъий чоралар кўрилиши керак», – дейилади баёнотда.

Озарбайжон омбудсманига кўра, Хўжали геноциди XX асрнинг энг йирик фожиаларидан бири сифатида тарихга кирган.

1992 йил 26 февралга ўтар кечаси Арманистон ҳарбий гуруҳлари шўро армиясининг 366-мотоўқчи полки кўмагида Хўжалини эгаллаб, оғир жиноятлар содир этган, қадимий шаҳарни вайрон қилган.

Расмий маълумотларга кўра, ўша машъум тунда 613 киши (63 нафар бола, 106 нафар аёл ва 70 нафар кексалар) ўлдирилган, 487 киши яраланган. 1257 киши гаровга олинган. Бедарак йўқолган 150 кишининг тақдири ҳақида ҳалигача маълумот йўқ.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил С.Алиеванинг таъкидлашича, этник тозалаш мақсадида уюштирилган қирғин оқибатида халқаро ҳуқуқ меъёрлари поймол этилган.

Озарбайжон омбудсманининг айбдорларни жазолаш талаб қилинган расмий мурожаатномаси БМТ Бош котиби, БМТ Хавфсизлик кенгаши, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЕИ, ЕХҲТ ва бошқа етакчи халқаро тузилмалар раҳбарларига йўлланган.

Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 17 давлати ҳамда АҚШнинг 24 штатида Хўжали фожиаси геноцид деб тан олинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2010 йил 22 апрелдаги қарорида Хўжалида содир этилган қилмишларни ҳарбий жиноят деб малакалаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг