Ўқувчининг овқатига сарфланган ҳар бир доллар уч баравар бўлиб қайтади — Тоқаев
Кам таъминланган оилалардан чиққан мактаб ўқувчилари давлат ҳисобидан бепул иссиқ овқат билан таъминланади, аммо истардикки, қозоқ тадбиркорлари ҳам бизга ёрдам беришса, деди Қосим-Жомарт Тоқаев Президент ёш захира кадрлари билан учрашувда.
«Давлат ижтимоий сиёсатининг энг оптимал моделини қидириш билан бандмиз. Манзилли ижтимоий ёрдам, айниқса, ўта муҳим. Давлат чиндан-да кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиши шарт. Одамларга оқланмайдиган ваъдалар бермаслик керак. Бу йўлнинг охири вой. Ҳукумат, даромадидан қатъи назар, барча кўп болали оилаларга нафақа тўлайди», — деди Қозоғистон президенти.
Тоқаевнинг таъкидлашича, кам таъминланган оилаларнинг мактаб ўқувчилари бепул иссиқ овқат, йўлкира, мактаб формаси, керакли ўқув қўлланмалари билан давлат ҳисобидан таъминланади. Бу савобли ишдан, президентнинг қўшимча қилишича, «миллий буржуазия» — маҳаллий тадбиркорлар чет қолишмаса яхши бўларди.
Тоқаев тадбиркорларнинг мамлакатдаги болаларни фаол қўллаб-қувватлаш тажрибаси қатор Европа мамлакатларида, хусусан, Финляндия, Швеция, Чехия ва Эстонияда яхши самара бераётганини эслатиб ўтди.
«БМТ жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китобларига кўра, мактаб ўқувчисининг овқатланишига сарфланган ҳар бир доллар уч, баъзида ўн баравар бўлиб ўзини қоплаб кетаркан. Биз бизнес вакиллари, саховатпешалар ёрдамида бу вазифани уддалай олишимизга ишонман», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев сўзини якунларкан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter