Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ОҲИЧКда Қозоғистоннинг раислиги якунланмоқда

ОҲИЧКда Қозоғистоннинг раислиги якунланмоқда

Қозоғистон Республикасининг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашдаги (ОҲИЧК) раислиги якунланмоқда. Шу муносабат билан Кенгаш таркибидаги Юқори мансабдор шахслар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди

ОҲИЧК бош котиби Қайрат Сарибай иштирокидаги йиғилишда жорий йил 17 декабрь куни ўтадиган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисига тайёргарлик муҳокама этилди. Шу куни халқаро тузилмадаги раислик Қозоғистондан Озарбайжонга ўтади.

Қўмита йиғилишида Қозоғистон раислигидаги эришилган натижаларга эътибор қаратилди ва Осиёда кўп томонлама мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

ОҲИЧКни таъсис этиш ғояси 1992 йилда БМТ Бош ассамблеяси минбарида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилганди.

Ўтган йиллар мобайнида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш  хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва иқтисодий шериклик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган халқаро форумга айланди.

Бугунги кунда ОҲИЧКда 28 та давлат иштирок этмоқда. Яна 9 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилот кузатувчи мақомига эга. ОҲИЧКнинг олий органи Давлат ва ҳукуматлар раҳбарларининг саммити ҳисобланади. Остона шаҳрида жойлашган котибият эса унинг маъмурий органидир.

Кенгашга аъзо мамлакатлар БМТ Низомига содиқлик билдирган ҳолда, Осиёда тинчлик ва барқарорликни мулоқот, ҳамкорлик ва аҳиллик билан сақлаб мумкин деб ҳисоблайди.

Аввал хабар берганимиздек, ОҲИЧКнинг 2022 йил 13 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган VI саммитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий иқтисодиётни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш заруратига тўхталганди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тузилма раиси сифатида ОҲИЧКни тўлақонли халқаро ташкилотга айлантириш ва институционал жиҳатдан такомиллаштириш бўйича таклифлар берган.

Маълумот ўрнида, ОҲИЧКга 2020-2024 йилларда Остона раислик қилган бўлса, 2024-2026 йилларда бу вазифани Боку бажаради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг