Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғли Англияда ўқийди, қизи Францияда яшайди. Россия мудофаа вазирининг пора олгани айтилаётган ўринбосари аслида ким?

Ўғли Англияда ўқийди, қизи Францияда яшайди. Россия мудофаа вазирининг пора олгани айтилаётган ўринбосари аслида ким?

Фото: Топор Live

Россия мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов пора олганликда гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида хабар бергандик.

Иванов ҳақида қизиқдан-қизиқ маълумотлар очилмоқда.

Масалан, Иванов «куч ишлатар тизимнинг энг бой одамларидан бири сифатида кенг оммага таниш» экани ҳақида журналист Фарида Рустамова ўз телеграм-каналида ёзди.

«Эҳтимол уруш бошланганидан буён қўлга олинганлар орасида, ҳукумат иерархиясида тутган ўрни ва «қўли узунлиги» нуқта назаридан, у энг юқори мансабли амалдор бўлса керак.

Иванов — Шойгунинг эски дўстларидан, 2012 йилдан бери бирга ишлашади. Ўша машҳур қуролли кучлар ибодатхонаси ва «Патриот» боғи қурилишига бош-қош бўлган. Хотини казо-казолар тўпланадиган давралар «маликаси» ва тадбиркор Светлана Захарова», — деб ёзди Рустамова.

Тимур Иванов рафиқаси Светлана Захарова ва киноюлдуз Моника Беллуччи билан.
Фото: Топор Live

Forbes маълумотларига кўра, 2019 йилда «замминистр»нинг даромади 13,6 млн рублни, оиласининг даромади 136,7 млн рублни ташкил этган. 2016 йилда хотинининг таваллуд кунини Императорлик яхта-клубида нишонлаган. Светлана Захарованинг 45 йиллик юбилейида Вячеслав Бутусов, Гоша Куценко ва Валерий Меладзе каби юлдузлар куйлагани ҳақида Life ёзган. Ушбу нашр кузатувларига кўра, Захарованинг Instagram саҳифасини Куршевел (Алп тоғларининг Франция қисмидаги тоғ-чанғи курорти)га мунтазам уюштирилган таътиллар, Африкага экзотик сафарилар, Сент-Тропе (Франция)даги янги модалар тақдимотларидан олинган фотосуратлар безаб турибди.

Фото: Топор Live

2019 йилнинг июнида Ивановлар оиласи бир неча юз миллион рубл қийматидаги кўчмас мулк объектларини яшириб келгани тўғрисида маълумотлар тарқалган, аммо уларни Иванов изоҳламаганди.

Россия Украинага уруш очганидан сўнг Иванов АҚШ, Европа Иттиофоқи ва бошқа давлатларнинг санкцияларига тушди. Европа Иттифоқи уни Россия ҳарбий раҳбарияти иерархиясида муҳимлиги бўйича ўнинчи одам, дея таърифлаганди.

Очиқ маълумотларга кўра, Тимур Иванов — Москва давлат университетининг ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факултетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятининг катта қисмини атом ва энергетика соҳалари ўтказган — Атом энергетикаси вазирлигининг Атом объектларини қуриш департаментида ишлаган,  Энергетика вазирлигига қарашли Россия энергетика агентлигини бошқарган.

2012 йилдан Сергей Шойгу жамоасига қўшилган (ўшанда Шойгу Москва вилояти губернатори эди). Шойгу Мудофаа вазири этиб тайинланганидан сўнг, собиқ ходимини ёнига чақириб олади. Уч йил давомида Иванов Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи АО «Оборонстрой» («Мудофаақурилиш» АЖ) бош директори сифатида унинг энг йирик инфратузилма лойиҳаларига бош-қош бўлган. 2016 йилда Алексей Дюмин Тула вилоятига губернатор бўлиб кетгач, Путиннинг фармони билан, Тимур Иванов Мудофаа вазири ўринбосарлигига кўтарилган.

Фото: Топор Live

Топор Live телеграм-канали ОАВ маълумотларига асосланиб ёзишича, Тимур Ивановнинг ўғли Англияда таҳсил оляпти, қизи эса Францияда яшайди. Ивановнинг ўғли мобилизациядан бир неча кун аввал ўқиш учун Англияга учиб кетган.

Тимур Ивановга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 290-моддаси бўйича иш очилган, пора олгани бўйнига қўйилса, 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Юқори лавозимли ҳарбий амалдор пойабзалида пацифистлар (тинчлик тарафдорлари) рамзини кўриш, русчасига айтганда, «прикольно»... 
Фото: Топор Live
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг