ОАВ: Трампни даволашда уч нафар сингапурликнинг қонидан фойдаланилган
АҚШ президенти Дональд Трампни COVID-19дан даволашда коронавирусни бошидан ўтказган уч нафар сингапурликнинг қон намуналари асосида ишлаб чиқилган препарат қўлланилган, дея хабар берди «Straits Times».
Нашрнинг маълум қилишича, Сингапур юқумли касалликлар Миллий маркази (NCID) «Regeneron» Америка компаниясининг даволаниш учун интеллектуал мулк ҳуқуқини талаб қилмасдан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги таклифини қабул қилган. NCIDнинг хабарига кўра, дастлаб компания COVID-19дан тузалган 20 нафар беморни танлаб беришни сўраган. «Regeneron» антитаначали препарат ишлаб чиқариш учун намуналар етарли бўлганини маълум қилгандан сўнг идора беш кишини танлаб олган.
«Пировард натижада «Regeneron» антитанача ишлаб чиқаришга йўналтирилган тадқиқотнинг бошланғич нуқтаси сифатида сингапурлик беш нафар бемордан учтасининг намунасидан фойдаланган», — дея қайд этади нашр.
Коронавирусга чалинган Трамп уч кун ётиб даволангандан сўнг душанба куни шифохонадан чиқди. Шифокорлар чоршанба куни Трампда коронавирус аломатлари йўқлигини ва антитанача аниқланганини эълон қилишди-ю, лекин президентнинг ҳаётий кўрсаткичларини маълум қилишмади. Бироқ даволаниш пайтида бу ҳақда тўлиқ хабар бериб туришганди. Трампнинг даволовчи шифокори Шон Конли АҚШ президенти 10 октябрь куни оммавий тадбирларда иштирок этиши мумкинлигини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter