Нуфузли «Time» журнали ўқувчилари йил одамини танлашди
Нуфузли «Time» журнали ўқувчилари йил одамини танлашди — Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳаммадан кўп овоз (24 фоиз) тўплади.
9 миллиондан ортиқ ўқувчилар овоз беришда қатнашди: улар йилга энг кўп таъсир (яхши ёки ёмон) ўтказган одамлар ёки гуруҳларни аниқлашди.
Пандемия йилида «Бразилия Трампи» энг кўп овозни тўплаши эътиборга молик ҳодиса. Эмлашларга тиш-тирноғи билан қарши Болсонару вакцина қабул қилганлар «тимсоҳ»га айланиб қолишини айтишдан ҳам тоймаган. Умуман олганда, Болсонару ҳавас қилгулик аҳволда эмас: мамлакат иқтисодиёти ўтириб қолган, президент устидан эса COVID-19га қарши кураш кампаниясини барбод қилганликда айблаб жиноят иши очишни режалаштиришмоқда. Шунча муаммо, танқидларга қарамай, Болсонару 2022 йилда иккинчи муддатга ҳам президентликка номзодини илгари суриш ниятида.
Дарвоқе, навбатдаги сайловда (АҚШ президентлиги учун) қатнашишни режалаштираётган ҳақиқий Доналд Трамп «Time» сўровномасида иккинчи ўринни эгаллади — овозларнинг 9 фоизи. Бу қайсар сиёсатчилар кейинги муддатда ҳам ўз мамлакатларини бошқаришса ажабланмаймиз.
Учинчи ўринда — ковидга қарши курашган тиббиёт ходимлари (6,3 фоиз).
Тўртинчи ўринда — россиялик юрист ва коррупцияга қаши кураш бўйича фаол Алексей Навальний (6 фоиз).
Бешинчи ўринда — COVID-19га қарши вакцина ишлаб чиққан олимлар (5,3 фоиз).
«Time» муҳаррирлари танлаган «2021 йил одами» декабрь ойида эълон қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter