Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нобел мукофотини ололмаган машҳурлар: Гандидан Кеннедигача

Нобел мукофотини ололмаган машҳурлар: Гандидан Кеннедигача

Тинчлик учун Нобел мукофоти «халқлар ўртасида биродарлик учун, доимий армиялар сонини қисқартириш, тинчлик конгрессларини ўтказиш ва рағбатлантириш учун энг кўп ва энг яхши ишларни амалга оширганлар»га берилади.

Cовриндорлар орасида Мартин Лютер Кинг (1964), 14-Далай Лама (1989), Нелсон Мандела (1993), Десмонд Туту (1984), Аунг Сан Сун Чи (1991) ва она Тереза (1979) кабиларни учратиш мумкин.

Қуйида эса тинчлик учун кучли тарғибот олиб борган, аммо Нобел мукофоти берилмаган машҳурлар ҳақида маълумот берамиз.

Маҳатма Ганди

Машҳур замонавий зўравонликларсиз кураш фаоли фақатгина бир марта эмас, балки бир неча марта мукофотдан рад этилган. Ганди ҳатто 1947 йилда, ўлдирилишидан бир неча кун олдин ҳам номзод бўлган эди. Нобел қўмитаси нафақат Гандининг тинчлик учун ҳаракатларини инобатга олмади, балки ўша йили мукофотни ҳеч кимга бермади ва «мукофот учун муносиб номзод йўқ» эканлигини таъкидлади.

2015 йилги мукофот соҳибларидан бири Каилаш Сатяртҳи Нобел қўмитаси томонидан «ёш болаларни молиявий манфаатлар учун оғир эксплуатация қилишга қаратилган ҳар хил турдаги норозилик ва намойишлар»да «Ганди анъаналарини сақлаб қолган» дея таърифланган.

Папа Жон Паул II

У католик черковининг 2000 йиллик тарихи давомида энг узоқ хизмат қилган учинчи папа бўлган. Ўз фаолияти давомида 129 мамлакатга саёҳат қилиб, диний бағрикенгликни тарғиб қилган. У, шунингдек, черков томонидан содир этилган гуноҳлар, жумладан руҳонийлар томонидан қилинган жинсий зўравонлик ҳақидаги даъволарга жавобан мисли кўрилмаган даражада кўп кечирим сўраган. 2000 йилда у шундай баёнот берди:

«Биз кечирамиз ва кечирим сўраймиз. Биз насронийлар орасидаги бўлинишлар, зўравонликлар ва бошқа динлар вакилларига нисбатан ишончсизлик ҳамда душманлик муносабати учун кечирим сўраймиз».

Папа, шунингдек, коммунистик ҳукуматларга қарши тинч ҳаракатларни рағбатлантирган. CNN ҳисоботида папа қуйидагича тасвирланган: «Рим-католик черкови тарихида энг кўп саёҳат қилган папа. У деярли ҳар бир ҳарбий диктатор ёки коммунистик ҳукуматга қарши турган».

Эндрю Карнеги

Урушларни бутунлай тўхтатишга ишонган ва шунинг учун тинчликни тарғиб қилиш миссияси билан янги ташкилотга асос солган. Империализмга қарши бўлган. Филиппин АҚШдан мустақиллигини сотиб олиши учун шахсий ҳисобидан 20 миллион доллар таклиф қилган. Бироқ, у ҳеч қачон тинчлик мукофоти билан тақдирланмаган. У, шунингдек, «Миллатлар лигаси»нинг биринчи ташаббускорларидан бири бўлган. Пацифистик менталитетга қарамай, унинг ўз ишчиларига нисбатан муносабати қаттиқ танқид остига олинган. Танқидлар айниқса уй-жой хўжалиги ишчилари иш ташлашлари вақтида кучайиб кетган.

Анна Политковская

Россиялик журналист Чеченистондан репортажлари ва Иккинчи чечен уруши давридаги инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини фош қилганлиги билан машҳур эди. 15 йил олдин журналист ўлдирилган. Унинг ўлимига ким буюртма берганлиги эса ҳалигача сирлигича қолмоқда.

2015 йилда у ишлаган «Новая газета» тинчлик учун мукофотга номзод сифатида шов-шув келтириб чиқарган, бироқ якунда мукофотни қўлга кирита олмаган эди.

Жон Ф. Кеннеди

Ушбу шахс Вьетнам урушини бошлаган бўлиши мумкин, бироқ урушдан олдин у бутун дунё бўйлаб тинчликка хайрихоҳликни тарғиб қиладиган дастур – Тинчлик корпусини тақдим этган эди.

Ушбу дастур доирасида америкаликлар бутун дунё бўйлаб муҳтож инсонларга беминнат ёрдам беришди. Жон Кеннеди ҳеч қачон мукофотни қўлга киритмаган бўлса-да, бошқа АҚШ президентлари, жумладан Теодор Рузвелт, Вудро Вилсон ва Барак Обама кабилар мукофот билан тақдирланган эдилар.

Лазиз Бахтиёров тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг