Никола шифокорларга қулоқ солмади ва соғлом болани дунёга келтирди
Англиянинг Эссекс графлиги фуқароси шифокорларнинг маслаҳатига қулоқ солмасдан, хавфли операцияни бошидан ўтказди ва соғлом болани дунёга келтирди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.
26 ёшли Никола Гиннесс тери билан бўлинган иккита бачадон билан туғуруқни амалга оширди. Саккиз йиллик уриниш давомида олти марта ҳомиласидан жудо бўлган.
«Шифокорлар менга ҳеч қачон туғолмаслигимни айтишганди», — дейди у.
Гиннесс фарзандли бўлишнинг бошқа йўлларини ахтара бошлайди. Ҳатто синглисидан суррогат она бўлишни илтимос қилади. Бироқ кўп ўтмай жарроҳ унга терили деворни олиб ташлаш мумкинлигини айтади. Лекин унга бу операцияни тавсия қилмайди. Чунки у бепуштликни келтириб чиқариши мумкин. Гиннесс шифокорларга қулоқ солмайди ва 2018 йил октябрда мураккаб операцияни бошдан ўтказишга қарор қилади. Саккиз ойдан сўнг Никола ва унинг турмуш ўртоғи Энтони Латта фарзанд кутаётганидан хабардор бўлишади.
10 январь куни соғлом бола дунёга келди. Ўғилболага Режи деб исм қўйишади. Бола муддатидан бир ой олдин Кесар кесиш йўли билан дунёга келган бўлса-да, унинг ҳаёти ва соғлигига ҳеч нима хавф солмаяпти.
«У мукаммал. Унга қараб тўймаяпман. Шунча йиллик уринишлардан сўнг дунёга келганига ишонолмаяпман», — дейди Гиннесс.
Аёлнинг сўзларига кўра, ҳомиладорлик пайтида айрим қийинчиликларга дуч келган. Шунга қарамай, ҳаммаси муваффақиятли тугади.
«Операцияга розилик беришим осон бўлмади, чунки шифокорлар маъқуллашмаганди, мени қўллаб-қувватлашмаганди. Она бўлиш орзусидан ҳеч қачон воз кечмаганман. Курашни тўхтатмаганимдан бахтиёрман», — деб тан олади Гиннесс.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter