Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нетаняҳу АҚШ талабига ҳам қулоқ солмоқчи эмас

Нетаняҳу АҚШ талабига ҳам қулоқ солмоқчи эмас

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига қўшин киритилишини маълум қилди. Халқаро ҳамжамият эса Тель-Авивдан 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрида ҳарбий амалиёт ўтказмасликни талаб қилиб келмоқда.

«Ўтмишдаги каби биз бирдаммиз. Курашамиз ва ғалаба қозонамиз. Биз Рафаҳга кирамиз ва тўлиқ зафарга эришамиз», – деб ёзди Исроил бош вазири ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида.

Исроил армияси Рафаҳ шаҳрига ҳужумга тайёргарлик кўраётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан хавотир билан қарши олинди. БМТ 1,5 миллион фаластинлик бошпана тутган шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирган.

Таҳлилчилар Ғазода давом этаётган жадал ҳарбий ҳаракатлар ҳамда бомбардимонлардан жонини асраб учуш Рафаҳда жам бўлган фаластинликлар учун бошқа қочадиган жой йўқлигини айтмоқда. Уларга кўра, агар Рафаҳга яҳудий армияси аскарлари киргудек бўлса, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар мисли кўрилмаган даражада ортиши мумкин.

Исроилнинг бу режасига энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам қарши чиқмоқда.

Нетаняҳунинг Рафаҳ ҳужуми муқаррар экани ҳақидаги баёноти Исроил мудофаа вазири бошчилигидаги делегациянинг Қўшма Штатларга ташрифи пайтига тўғри келмоқда.

«The Washington Post» нашри хабарига кўра, расмий учрашувларда ҳам АҚШ расмийлари Рафаҳга ҳужум борасидаги хавотирини билдирмоқда.

Хусусан, вице-президент Камала Ҳаррис Рафаҳга ҳар қандай ҳужум «улкан хато» бўлишидан огоҳлантирган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 22 март куни Тель-Авивга ташрифи пайти Исроилни аҳоли зич яшаётган Рафаҳга ҳужум уюштирмасликка ундаган.

Франция президенти Эмманюэль Макрон ҳам Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқотда Рафаҳга ҳужум режасига буткул қарши эканини таъкидлаган. Франция етакчиси Рафаҳдаги аҳолини мажбуран бошқа жойга кўчириш ҳарбий жиноят бўлишини ҳам эслатган. 

Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён 2,3 миллион фаластинликдан 1,5 миллиони бомбардимонлардан қочиб Рафаҳ шаҳридан паноҳ топди. TRT канали тайёрлаган видеолавҳада Исроил армияси Рафаҳга бостириб киргудек бўлса, юз минглаб аҳоли қопқонда қолиши тасвирланган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода 32 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди, 74 мингдан зиёди жароҳатланди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар ошиб бораётган ва юз минглаб аҳоли очлик домида қолаётган бир пайтда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талаби кучлироқ янграмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг