Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Назарбоевнинг миллиардер куёви дарғазаб. Сабаб – Financial Times чоп этган мақола...

Назарбоевнинг миллиардер куёви дарғазаб. Сабаб – Financial Times чоп этган мақола...

Фото: «РИА Новости»

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибаев Financial Times нашрида чоп этилган мақоладан дарғазаб бўлди. Миллиардер куёв инглиз нашри туҳмат қилганини айтиб, Қозоғистон бош прокуратурасидан бу борада ҳар томонлама текширув ўтказишни илтимос қилган.

Гап шундаки, нафақат Буюк Британия, балки дунёда нуфузли саналган Financial Times газетаси жорий йил 3 декабрь куни чоп этилган мақолада Тимур Кулибаев Хитойга газ қувури тортиш лойиҳасидан бир неча ўн миллион доллар бойлик орттиргани ҳақида ёзди. Мақола исми ошкор этилмаган манба тақдим этган ҳужжатлар ҳамда электрон мактубларга таянган ҳолда тайёрланган. Қайд этилишича, Россия, Сингапур ҳамда Буюк Британия молиявий рўйхатлари ҳам давлат буюртмаси воситасида шахсий даромад орттирилганини тасдиқлайди. Элбошининг куёви эса бу айбловни рад этмоқда.

54 ёшли Т.Кулибаев Қозоғистондаги нуфузли шахслардан бири ҳисобланади. У рафиқаси Динара Кулибаева (Нурсултон Назарбоевнинг қизи) билан биргаликда мамлакатдаги йирик банкка эгалик қилади. Forbes нашри эр-хотин Кулибаевларнинг бойлигини 2,9 миллиард доллар деб баҳолаган. Т.Кулибаев узоқ йиллар Қозоғистон давлат нефть-газ ширкатларида юқори лавозимларда фаолият юритган. Айни пайтда «Отамакон» тадбиркорлар миллий палатаси бошқаруви раиси, Қозоғистон миллий олимпия қўмитаси раҳбари ҳамда Kazenergy нефть-газ ташкилотлари уюшмаси бошлиғи саналади.

Т.Кулибаев Қозоғистондаги пешқадам сиёсий ҳаракатлардан бири – «Адал» партиясининг норасмий таъсисчиси экани ҳам айтилади.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистонда 2021 йил 10 январь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловида 5 та сиёсий партия қаторида «Адал» ҳам иштирок этмоқда.

Дарвоқе, Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич фарзанди Дариға Назарбоева ҳам депутатлик учун курашади. Кейинги йилларда турли можароли хабарлар қаҳрамони бўлишга улгурган сиёсатдон аёл номзоди иқтидордаги «Нур Отан» партиясидан кўрсатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг