Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Навалний» фильми ҳам «Оскар» олди

«Навалний» фильми ҳам «Оскар» олди

АҚШда 95-марта ўтказилган Америка киноакадемияси мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Канадалик режиссёр Даниэл Роэрнинг россиялик мухолифатчи ва Путиннинг танқидчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва унинг Россияга қайтиши ҳақидаги фильм – «Навалний» фильми «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида АҚШ киноакадемияси мукофоти – «Оскар»ни қўлга киритди.

«Мен ушбу мукофотни Алексей Навалнийга ва дунёдаги барча сиёсий маҳбусларга бағишламоқчиман.

Алексей, дунё сизнинг жасоратингизни унутмайди. Биз диктатура ва авторитаризмга қарши туришдан қўрқмаслигимиз керак», – дейди фильм режиссёри Даниэл Роэр «Оскар» олтин ҳайкалчасини қабул қилиб олар экан.

Фильм премьераси 2022 йил январида Sundance мустақил кинофестивалида бўлиб ўтган ва у томошабинлар олқишига сазовор бўлган эди.

Фильм Алексейнинг заҳарланиши ва унинг рафиқаси Юлия Навальнаянинг эрини Россиянинг Омск шаҳридаги касалхонадан Германияга «эвакуация қилиш» учун олиб борган кураши ҳамда Навальний Москвага қайтиб келиши билан рус полицияси уни олиб кетгунга қадар бўлган муддатни қамраб олади. Кейинроқ у Москва томонидан Навалнийнинг сиёсий мотивлари борлиги билан боғлиқ синов муддатини бузганликда айбланиб, икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

«Менинг эрим фақат ҳақиқатни айтгани учун қамоқда. Демократияни ҳимоя қилгани учун қамоқда. Алексей, мен сен озод бўладиган, юртимиз озод бўладиган кунни орзу қиламан. Ўзингни асра, азизим», – дейди Юлия Навалная тақдимотда.

Ушбу ҳужжатли фильм Британиянинг Бафта мукофотига ҳам сазовор бўлган.

Маълумот учун, жорий йилги таыдирлашда «Ҳар нарса ҳар жойда» фильми 2022 йилнинг энг яхши кинокартинаси сифатида эътироф этилди.

Ғолиблар:

Энг яхши анимацион фильм: «Пиноккио Гилермо дел Торо»;
Энг яхши операторлик иши: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»;
Энг яхши саҳналаштирувчи рассом: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»;
Энг яхши костюмлар: «Қора пантера: абадий Ваканда»;
Энг яхши грим ва турмаклар: «Кит»;
Энг яхши қисқа метражли ўйин фильми: «Ирландча хайрлашув»;
Энг яхши қисқа метражли анимацион фильм: «Болакай, Юмронқозиқ, Тулки ва От»;
Энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм: «Филларни қарғовчилар»;
Энг яхши хорижий фильм: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» (Германия);
Энг яхши ҳужжатли фильм: «Навалний»;
Энг яхши визуал эффектлар: «Аватар: сув йўли»;
Энг яхши қўшиқ: Наату Наату «РРР: ёнимизда инқилоб куйламоқда» (Ҳиндистон);
Энг яхши мусиқа: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»;
Энг яхши режиссёр(лар): Дениел Кван ва Дениел Шайнерт («Ҳар нарса ҳар жойда»);
Энг яхши актриса: Мишел Ео («Ҳар нарса ҳар жойда»);
Энг яхши актёр: Брендан Фрейзер («Кит»)
Энг яхши фильм: «Ҳар нарса ҳар жойда»;
Иккинчи пландаги энг яхши актриса: Жейми Ли Кёртис («Ҳар нарса ҳар жойда»);
Иккинчи пландаги энг яхши актёр: Ке Ҳюи Куан («Ҳар нарса ҳар жойда»).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг