НАТО фавқулодда йиғилишидан сўнг...
Кеча НАТО кенгаши фавқулодда йиғилишга тўпланганини хабар бергандик. Энди эса ОАВга очиқ маълумотларга юзланамиз.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг аввало альянс нега шошилинч мажлис чақирганига изоҳ берди: эронлик генерал Қосим Сулаймоний Ироқ аэропорти яқинида ўлдирилди. Шимолий Атлантика альянси қотилликка дахлдормас, аммо энди четда тура олмайди. Нима қилиш керак?
Столтенбергнинг юзага келган ёмон вазиятдан яхшиликча чиқиб кетишга уринишини илғаш қийинмас. Альянс Сулаймонийни ўлдиришда қатнашмаган.
«Бу АҚШнинг қарори. Бу глобал коалиция ёки НАТО қарори эмас. Бироқ барча иттифоқчилар Эроннинг минтақадаги барқарорликни издан чиқариб юборар даражадаги фаоллигидан хавотирда», — деди НАТО бош котиби.
Вашингтонга Теҳроннинг Ироқдаги фаоллиги доим халақит бериб келган. Ироқ — Қўшма Штатлар Суриядан тортиб олинаётган нефтни сақлаш учун оралиқ база вазифасини бажариб келган. Трампни у ердан чиқариб юборишганидан сўнг, Пентагон ўз қўшинларини Ироққа кўчирди. Ўшандаёқ Ироқ ҳукумати мамлакат ҳудудини океанортиликларга фақатгина қўшинлар транзити учун тақдим этаётганини очиқчасига маълум қилганди. Америка ҳарбийлари бу ерда доимий асосда бўлади деган шартноманинг ўзи йўқ.
Трамп аламли тарзда Яқин Шарқдаги позицияларини бой бераётганди. Сўнгги пайтларда АҚШни минтақадан чиқариб юборишга уринишлар ҳам кўзга ташланаётганди. Сулаймонийнинг ўлдирилиши ечиб бўлмас тугунни чопиб ташлашга баробар бўлди. Бироқ! Бу аслида Ироққа ортдан пичоқ уриш эди.
Эрон Яқин Шарқда сиёсий таъсир ўтказишнинг асосий маркази бўлиб келганини таъкидлаш шартмас. Саддам Ҳусайн замонида Бағдод қайсидир маънода Теҳрон билан рақобатлашишга уриниб ҳам кўрди, бироқ Ҳусайн йўқ қилингач, тарози палласи яна шарқий қўшни томонга оғиб кетди. Эронийларнинг бемалол Ироқда юришлари сабаби ҳам ана шунда.
Трамп буйруқ бериб, генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши бутун Яқин Шарқни ларзага келтирди. Эроннинг энг кучли сиёсатчиларидан бирининг ҳалокатига йўл қўйган Ироқнинг ҳоли ҳавас қилгулик эмас: бир томонда — АҚШ, иккинчи томонда — бутун Ислом дунёси. Бағдод бундан буён америкалик дипломат ва ҳарбийларнинг ҳаёти хавфсизлиги учун Вашингтон олдида жавоб беришга мажбур эди, шунинг баробарида Трамп ер билан битта қилган ўз обрўсини ислом мамлактлари олдида тиклаш-чи?! Бағдод америкалик ҳарбийларнинг чиқариб юборилишига овоз берди.
Бироқ Трамп бунга тиш-тирноғи билан қарши. Вашингтон миллиардлаб долларлар сарфлаб қурилган базаларини ташлаб, қўшинларини олиб кетмоқчи эмас. Қолаверса, агарда Теҳрон ҳужум уюштирадиган бўлса, Эрон ҳудудидаги 52 та объектга қақшатқич зарбалар берилиши билан ҳам таҳдид қилди.
Юзага келган вазият глобал оқибатлари билан ёмон. Эрондаги ракета қўшинлари ҳозир жанговар ҳолатга келтириб қўйилган. Бу ҳимояга тадорикми ёки ҳужумга — шуниси номаълум. Нима бўлган тақдирда ҳам Ироқдаги АҚШ базалари нишонда турибди. Агар уларга қарата ўт очилса, бунга жавобан Трамп ўз таҳдидларини амалда исботласа, шак-шубҳасиз Яқин Шарқ аланга ичида қолади.
НАТО бу вазиятда бир четда тура олмайди ва низога аралашишга мажбур бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан НАТО Яқин Шарқда урушишни истамаётганди. Бироқ Вашингтон ёрдам сўраса — ҳарбий блокнинг бошқа чораси қолмайди. Шимолий Атлантика блокининг мияси бу — Вашингтон.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter