Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 «Муҳофизлар». Еврокомиссиянинг янги раҳбарияти расман иш бошлади

 «Муҳофизлар». Еврокомиссиянинг янги раҳбарияти расман иш бошлади

Фото:«Reuters»

Жорий йил 1 декабрдан Европа комиссиясининг янги таркибдаги раҳбарияти ўз вазифасини бажаришга киришди. Келгуси беш йил давомида Еврокомиссияга халқаро тузилма тарихида илк бор аёл сиёсатдон – Германия вакили Урсула фон дер Ляйен бошчилик қилади.

«Бугундан бошлаб биз битимлар ҳамда Лиссабон руҳининг муҳофизларимиз. Мен ушбу масъулиятни теран ҳис этмоқдаман. Бу салафларимиз, бизнинг кашшоф оталаримиз ҳамда оналаримиз олдидаги, улар эришган барча ютуқлар учун масъулликдир. Бу, айни чоқда, фарзандларимиз тақдири учун ҳам жавобгарлик саналади. Бизга мерос бўлган Иттифоқни (келгуси авлодга) янада қудратли ҳолда етказиш залворли масъулиятдир», – деди Урсула фон дер Ляйен расмий фаолиятга киришиш арафасидаги нутқида.

Қайд этилишича, умумий Европа уйининг барпо этилиши билан мустабидликка барҳам берилди, инсон ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган маърифий жамият барпо этилди, мислсиз иқтисодий имкониятлар туҳфа этган ягона бозор шаклланди.

«Европа бизга мерос бўлиб ўтаётган шунчаки хазина эмас. Европа бу – орзу-умидлар. Европа бу – келажак. Европа, таъбир жоиз бўлса, биз кун-бакун, қадам-бақадам бунёд этишимиз лозим бўлган иморат», – деди Еврокомиссиянинг янги раҳбари.

Таъкидланишча, ўн йилча аввал «ЕИ умумий байроқ ва мадҳияга эга бўлиши керакми» деган савол теграсида муҳокамалар кечар эди. Ўн йил ичида умумевропа қадриятлари янада мустаҳкамланди.

«Европа шиддат ила ўзгаришга юз тутмоқда. Бизнинг вазифамиз эврилишларига ҳамоҳанг қадам ташламоқдир. Токи бирор киши ортда қолмасин. Токи (ЕИ) аҳлининг орзу-умидлари тўкис рўёбга чиқсин», – деди Урсула фон дер Ляйен хоним.

Еврокомиссия – Европа иттифоқининг асосий ижроия идораси бўлиб, у умумиттифоқ қонунларини ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини кузатиб боради.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил 16 июль куни Еврокомиссия президентлигига Германия мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен сайланди.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили – Европа комиссияси вице-президенти лавозимини эса испаниялик тажрибали арбоб Жозеп Боррель эгаллади.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг