Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Москвадаги терактни ким содир этди? Экспертлар дастлабки тахминларни айтмоқда

Москвадаги терактни ким содир этди? Экспертлар дастлабки тахминларни айтмоқда

22 март куни Россия Федерациясининг Москва вилоятида жойлашган «Крокус сити ҳолл» мажмуасида теракт содир этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Концерт ўтиши кутилаётган бинога қуролланган шахслар бостириб кириб, одамларга қарата ўт очган. Мажмуада портлаш ва ёнғин ҳам рўй берган.

Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, теракт сабаб ҳозиргача 60 киши ҳалок бўлган. Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда.

Қайд этиш жоизки, 7 март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги Москвада оммавий тадбирлар чоғи теракт содир этилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Қўпорувчилик ҳаракати рўй берганидан кейиноқ унинг ортида  ким тургани борасида турли тахмин-тусмоллар илгари сурилмоқда.

«The New York Times» нашри теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги шуъбаси (ИШИД-Хуросон) ўз зиммасига олгани ҳақида хабар берди. АҚШ расмийлари ҳам шу версияни қўллаб-қувватлаган. Оқ уй вакили ҳозирланаётган теракт ҳақидаги разведка маълумотлари Москвага етказилганини маълум қилган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча расмий баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳам Москва теракти борасида дастлабки фараз ва тахминларни ёзмоқда.

Cиёсатшунос Камолиддин Раббимов ИШИД омилини муҳокама қилар экан, «қандайдир ўйин кетаётгани»га ишора қилди:

«Москвадаги терактларда энг асосий версиялардан бири сифатида ИШИД кўрилмоқда. Бунга сабаб, тахминан 2-3 ҳафта олдин АҚШ томонидан берилган баёнот: «Москвада ва РФнинг катта шаҳарларида терактлар бўлиши мумкин, буни ИШИД амалга ошириш эҳтимоли юқори» дейилганди. Қизиқ, ИШИД ҳали ҳам борми? Қолаверса, ИШИД Ироқ, Сурия ва Афғонистонда жиддийроқ терактлар қила олмай, Москвада қила оладими?

Қандайдир ўйин кетяпти, бу ўйинда АҚШнинг роли ҳам тушунарсизроқ. РФ билан Украина жон-жаҳди билан урушиб турганда, бошқа версияларни таҳлил  қилишнинг ўзи ғалати.

Менда иккита версия бор: 1. Бу Украинанинг иши. Мақсад конфликтни Россиянинг ичига кўчириш, халқда паника уйғотиш ва шу йўл билан Путин легитимлигини синдириш ва Кремлга босим ўтказиш.

2.Путиннинг ўзи мобилизация қилиш учун, Украинага қарши тўлақонли ва чексиз уруш қилиш учун ижтимоий фикрни тайёрламоқда».

Иқтисодчи Баҳодир Ғаниев қўпорувчилик ҳаракати борасидаги олтита версияни бандма-банд таҳлил қилган:

«1. ИШИД. Интернетда ИШИД теракт учун масъулиятни зиммасига олди деган маълумот тарқалмоқда. Бунинг ҳақиқатан катта эҳтимоли бор, чунки Россия бир неча йилдан бери Суриянинг Башар Асад бошчилигидаги ҳукуматини қўллаб келади ва ИШИДни мағлуб қилишга ҳамда Асадни сақлаб қолишга катта хисса қўшган. Россияда мусулмонлар кўп ва ИШИД охирги йиллар давомида улар қаторидан тарафдорларни ёллашга муваффақ бўлганлиги эҳтимоли бор. Агар шундай бўлса, бугунги каби яна бир нечта теракт бўлишининг хавфи катта.

  1. ФСБ (Россиянинг федерал хавфсизлик хизмати). Айрим экспертлар Россия ҳукумати ўз фуқароларини урушга сафарбар (мобилизация) қилиш учун ўзи теракт уюштириши мумкин деб айтмоқда, иккинчи Чечен уруши тарихидан келиб чиқиб. Аммо бу версия фақатгина ҳукумат бугунги терактдан сиёсий нуқтаи назардан фойдалансагина ишонарли бўлади. Яьни, терактни Украина разведкаси ташкил қилган деган важ ортидан мобилизация эълон қилиб, урушга қарши бўлган одамларга тазйиқ ўтказишда фойдаланса. Акс ҳолда, бу асоссиз тахмин.
  2. Украина разведкаси. Бу тахмин ўта ишончсиз, сабаби шундай бўлиб чиққан ҳолда, Украина Ғарб жамоатчилигининг қўлловини йўқотиши мумкин. Украина ҳарбийлари уруш бошидан бери тинч аҳолига имкон қадар кам зарар етказишга ҳаракат қилиб келмоқда.
  3. Пригожинга хизмат қилган ёлланма аскарлар – қасос сифатида. Асосли бўлган тахмин. Сабаби, Пригожин ҳарбий кампаниясида жуда кўп қамоқдан жалб қилинганлар ва Уткин каби радикаллар бўлган, яьни кучли ҳарбий тайёргарлиги бор ва бегуноҳ одамларни ўлдириш муаммо бўлмаган одамлар. Булар Пригожин даврида қаҳрамон, ўлимидан сўнг эса душманга чиқарилди.
  4. Чеченистондаги урушлар ва Доғистондаги қуролли тўқнашувлардан алами қолганлардан иборат радикал гуруҳ. Чеченистон уруши давомида 50-70 минг чечен ўлган. Буларнинг 100 минглаб фарзандлари ҳозир ҳаёт. Уларнинг кўплари, табиийки, Россияга ва русларга нисбатан аламзада, нафрат билан, фурсат кутиб яшайди, барча рус халқи вакилларини душман деб билади. Айнан шу каби шахслар уюшиб, теракт содир қилиши эҳтимоли бор.
  5. Украинадаги урушда ўз яқинларини (турмуш ўртоғи, фарзанди ёки ота-онасини) йўқотган, аммо ҳукуматга боғлиқ бўлмаган украинлар.

Умуман олиб қараганда, уруш сабабли Россия жамиятида урушда бўлса-да одам ўлдирган, психик носоғлом одамлар кун сайин кўпаймоқда. Кўчаларда қурол ҳам. Терроризм ва жиноятчилик кескин ошиши энди тўхтатиб бўлмас жараён.

Юқоридаги тахминлардан фақат ИШИДга оид ҳолат бўлсагина бизга аҳамияти бор. ИШИД ўз деструктив фаолиятини Марказий Осиёга тарқатишдан ҳам манфаатдор. Бу дегани биз ҳам тегишли хулосаларни чиқаришимиз лозим».

«Файзбоғ» канали бир муддат олдинги огоҳлантиришларга эътибор қаратган:

«Маълумот учун, бундан бир неча кун аввал бир қатор хорижий мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Швеция, Канада ва Болтиқбўйи элчихоналари Москвада терактлар эҳтимоллари ҳақида огоҳлантириш эълон қилган эди. 3 кун олдин Путин ушбу баёнотларни «очиқдан-очиқ шантаж» ва Россия жамиятини беқарорлаштиришга уриниш” деб атади».

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг