Миср президентнинг ўғлини Москвада «қайта тарбиялашмоқчи»
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг ўғли Маҳмуд илгари мамлакат разведка хизматида ишларди. Аммо, бир томондан, отасини, иккинчи томондан, Миср ҳамкорларининг ҳафсаласини пир қилганидан сўнг унга «Москва сургуни»ни раво кўришди.
Айни пайтда президент оиласи хорижлик ҳамкорлар кўз ўнгида имижини тиклаш билан овора.
Ўғилни Миср давлат ишларидан узоқроққа жўнатиш таклифи Бирлашган Араб Амирликларидан чиқди. Отани ОАВни измида ушлаб турган ўғилнинг фаолияти шундоғам қониқтирмаётганди. Мисрлик таниқли тадбиркор Муҳаммад Али президент оиласи давлат маблағларини қандай харжлаётгани ҳақида журналистларга сўзлаб берганидан сўнг эса пичоқ суякка бориб тақалди.
Тадбиркор интернетга жойлаган роликлар шунчалик оммалашиб, кўп кўрилдики, оқибатда мамлакатда аксилҳукумат намойишлари, уларнинг ортидан тартибсизликлар келиб чиқди. Президент кенг тус ола бошлаган норозилик намойишларини амаллаб бостирди-ю, аммо ўз қўли билан рейтингини ҳам пасайтириб юборди.
Мухолиф тадбиркорнинг роликларида Маҳмуд ас-Сисининг номига алоҳида урғу берилганди. Хусусан, у отаси фойдасига митинг уюштиришни молиялаштиргани айтилади. Камига Маҳмуд Миср орқали наркотрафик ташкил этишда ҳам айбланган.
Президентнинг ўғли Москвада бир неча ойдан сўнг дипломатик лавозимда иш бошлайди. Буни муддатсиз «командировка» ҳам дейишяпти. Мисрдагилар ушбу қадам давлат фойдасига ишлашига умид қилишяпти. Ҳар ҳолда ушбу қарор икки мамлакат ҳукуматлари доирасида келишилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter