Миллиардер Шодиевнинг жиянига суд ҳукми ўқилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида суд тадбиркор Орифжон Шодиевни банкка етказган зарар учун бир йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Олмаота судларининг Facebook'даги расмий аккаунтида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, суд Орифжан Шодиев ва Михаил Соловёвга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш факти бўйича жиноят ишини кўриб чиққан. Улар Asia Credit Bank’га 16 миллиард тенге (тахминан 36 млн АҚШ доллари) миқдорида зарар етказганликда айбдор деб топилди.
Қайд этилишича, судланувчилар ўз айбларига қисман иқрор бўлган.
Суд Шодиевни тижорат ташкилотида мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топиб, унга молиявий ташкилотда лавозим эгаллашни бир умрлик ман этиш билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.
Иккинчи судланувчи Соловёв Шодиевга ёрдам берганликда айбдор деб топилди. Суд уни 5 йил муддатга молия ва банк ташкилотларида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.
«Маҳкум Шодиев ва Соловёвдан «А» АЖ тугатиш комиссияси фойдасига 16 миллиард тенгедан ортиқ пул ундирилди», — дея қўшимча қилди суд.
Суд ҳукми қонуний кучга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Орифжон Шодиев AsiaCredit Bankэгаси ва ягона акциядорига айланди. Шунингдек, у Қозоғистондаги энг бой тадбиркорлардан биридир. Орифжон таниқли миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг жияни ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter