Мексикада кучли зилзила юз берди
Мексика жанубида 7,1 магнитудали зилзила юз берди. Ер силкинишлари мамлакат пойтахтида кучлироқ сезилган, деб хабар беради Мексика сейсмология хизмати. Дастлабки маълумотларга кўра бир киши вафот этди.
«7,1 магнитудали зилзила соат 20:47да (Тошкент вақти билан 6:47) Акапулькодан 11 километр жануби-шарқда 10 километр чуқурликда содир бўлган», — дейилади хабарда.
Герреро штати губернатори Эктор Астудильо бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
«Менга ҳозиргина Койюкда бир одамнинг вафот этганини хабар беришди — устига симёғоч қулаб тушган», — деди у.
Гарчи ҳукуматга моддий зарар ҳақида кўплаб хабарлар келиб тушган бўлса-да, қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ, дея хулоса қилди штат губернатори.
Мехико шаҳар мэри Клаудия Шейнбаумнинг сўзларига кўра, зилзила пойтахтга зарар етказмаган. Унинг нутқи Twitterда эълон қилинди.
«Полиция шаҳарни уч марта айланиб чиқиб, ҳеч қандай зарарни қайд этмаган», — деди у.
Сиёсатчи баъзи ҳудудларда электр йўқлигини, лекин ҳукумат электр энергиясини тиклаш бўйича энергетика компанияси билан алоқада эканлигини қўшимча қилди.
Aгентлик мухбирининг хабар беришича, зилзила пайтида Мексика пойтахти кўчаларига югуриб чиққан одамлар ёмғир ёғаётган бўлишига қарамай, уйларига қайтишга шошмаяптилар. Фуқаролар зилзила такрорланиши мумкинлиги ҳақида хабардор қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter