Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур жарроҳнинг уйидан минглаб одам суяклари топилди

Машҳур жарроҳнинг уйидан минглаб одам суяклари топилди

Фото: «Independent.co.uk»

Сиёсатчи, спортчи ва машҳур кишиларни даволаган британиялик таниқли жарроҳ яширинча одам суякларини тўплаган. Бу ҳақда «The Independent» нашри хабар берди.

Жарроҳ Дерек Макминнинг Вустерширдаги данғиллама ҳовлисида ва Бирмингемдаги идорасида тос-сон бўғимларини протезлаш пайтида олинган беш мингдан ортиқ суяк сақланади. Шифокор ўзининг коллекциясини 1990-йилларнинг бошидан тўплай бошлаган. Суякларини олаётганда беморлардан рухсат сўраб ҳам ўтирмаган.

Макминн фаолият юритган Бирмингем шифохонаси ходимлари унинг ғалати хоббисидан бохабар бўлишган. Уларнинг айримлари, ҳатто, суякларни сақлашига ёрдам ҳам берган: суякларни махсус идишларга жойлашган, кейин эса уларни шифокорнинг ёрдамчилари олиб кетишган.

2019 йили Макминн шифохона раҳбариятига суякларни сақлаётганини тан олган. У суякларни нафақага чиққанда ўрганишини ва шу тариқа қариганда ҳам ўткир зеҳнини сақлаб қолишни режалаштирганини тушунтиришга уринган. Тиббиёт муассасаси ходимларидан бири «The Independent»га маълум қилишича, ушбу воқеа оммага маълум қилинмаган. Чунки Макминн, унинг сўзларига кўра, «олтин тухум қўйиб, катта даромад келтирадиган ғоз» бўлган.

Полиция шифокорга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаб юборди. Негаки, унинг одам аъзоларини сақлашга расмий лицензияси бўлмаган. Шунингдек, Макминн инсон тўқималари тўғрисидаги Британия қонунини бузганликда гумон қилинмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг