Лондон ва Нью-Йорк йўқликка равона бўлиши мумкин
Америка ва британ олимлари денгиз сатҳи кўтарилиши бўйича ўтказган янги тадқиқотлар кўрсатишича, 2100 йилда Лондон ва Нью-Йорк сув остида қолиши мумкин. Бу ҳақда «BBC» хабар бермоқда.
Энг ёмон прогнозларга кўра, атмосферада карбонат ангидрид газлари тўпланиши ҳозирги суръатда сақланиб қолса, яқин 80 йилда глобал ҳаво ҳарорати 5 даражага ошади. Бунинг оқибатида Дунё океани сатҳи 62 дан 238 сантиметргача кўтарилади ва қуруқликнинг 1,79 миллион квадрат километри сувга ғарқ бўлади. Шунча жойда 187 миллион киши яшамоқда.
Глобал исиш оқибатида денгиз сатҳининг ошишида Гренландия музликлари асосий манба вазифасини ўтайди. Олимларнинг фикрича, Антарктиданинг Шарқий ва Ғарбий қисмларида ҳам нобарқарор ҳолатга ўтиш эҳтимоли бор.
Прогнозларга кўра, қирғоқбўйи ҳудудлари пасттекисликлардан иборат Буюк Британия, АҚШ, Европа ва Осиёнинг айрим мамлакатлари катта хавф остида қолмоқда. Дарёлар дельталарида яшовчи 500 миллион инсоннинг ҳаёти учун таҳдид туғилмоқда. Қирғоқбўйи ҳудудларининг сув остида қолиши жуда кенг кўламли миграцияга олиб келиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, воқеаларнинг юқоридаги сценарий бўйича ривожланиш эҳтимоли 5 фоизга тенг, бироқ бу хотиржамликка берилиш учун асос бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter